Ялдо кечаси. Бу қандай тун?

16:39 21 Декабрь 2020 Жамият
7159 0

21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси табиатнинг ажойиб ҳодисаларидан бири кузатилади. Яъни ушбу санада энг узун тун содир бўлади. Қишнинг бу энг узун ва қоронғи кечаси Ялдо кечаси дейилади. 

Йилда бир марта кузатиладиган ушбу ҳодиса Шарқ халқларида азалдан ўзгача шоду хуррамликда кутиб олиниб, кенг тантана қилинган. Хусусан, маълумотларда келтирилишича, бу кечада гап-гаштак ўтказилган хонадон соҳиблари меҳмонларни тўкин дастурхон тузаб, кутиб олишган. Қўй сўйилиб, тандир нонлар ёпилган. Қишга асралган қовун-тарвузлар, узум-анорлар омборлардан олиб чиқилиб, дастурхонга тортилган.

Ҳеч эътибор берганмисиз, кексаларимиз дуога қўл очишганда, “Қиш қишдай бўлсин” дея ният қилишади. Бу ҳам бежиз эмас. Бинобарин, Ялдо кечасидан сўнг, яъни қишнинг чилласи бошланади. Етиштириладиган ҳосил баракаси, чорвачилик ривожи кўп жиҳатдан чилла об-ҳавосига боғлиқ. Зеро, ёмғир — барака, қор — ризқ, демакдир.

Кузатувларга қараганда, юртимизда айни шу паллада ёғингарчилик кўп бўлар экан. Зеро, шу кунларда ёққан қор деҳқонларимиз учун айни муддао. Чунки у кузги буғдой майсалари устини кўрпадек қоплаб, экинни қаҳратоннинг изғиринларидан асраркан. Шудгор қилинган ерларда қорнинг сингувчан сувлари нам сақлаб, озуқа вазифасини ўтайди. Энг муҳими, қишловчи зараркундаларга қирон келтиради. Чилла сувини, айниқса, боғбонлар ўзгача қадрлашади. Негаки, бу пайтда обиҳаётга қондирилган токзор ва мевазорлар ёзда сувни бир марта кам талаб қилади, мўл ҳосил тўплайди.

Қисқаси, йилнинг энг узун туни ва энг қисқа куни мана шундай хусусиятлари билан алоҳида ажралиб туради. Ҳижрий-шамсий йил тақвимига кўра, ҳозир айни жадий ойи. Балки, шунинг учун одамлар бу ойни барака ойи, дея эътироф этишар.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер