Яхшидур аччиқ ҳақиқат. Ёхуд бир маҳалла, минг ташвиш
Мабодо, Бухорода маҳалла фуқаролар йиғинлари жойлашган эски бинолар рўйхати тузилгудек бўлса, бу иморат олд қатордан ўрин олиши муқаррар. Биз Когон тумани Тунироқ маҳалла фуқаролар йиғини биносини назарда тутаяпмиз.
Қўшни Навоий вилоят Қизилтепа туманига чегарадош маҳаллада 3400 аҳоли истиқомат қилади. Йиғин биноси олдида учратганимиз 70 ёшли Тошпўлат Сафаров шуларнинг бири. Отахоннинг айтишича, чўпкори бу иморат ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган бўлиб, ўша кезларда хўжалик бўлими, қишлоқ амбулаторияси учун бошпана вазифасини ўтаган.

Маҳалла аҳли асосий йўлнинг тезроқ тартибга келтирилишидан умидвор
Эскини ямагунча эсинг кетади, дейишади. Маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Шаҳноза Ражабованинг билдиришича, томдан чакки ўтади. Хоналар зах. Шу боисдан электр иситгич қўйилган қўшни хонада кўплашиб ўтиришга тўғри келмоқда.
— Ҳашар йўли билан томни андава, яъни томсувоқ қиламиз, — дейди у. —Деворларни оқладик. Кўримсиз –да. Ҳарна бўлганда ҳам бу халқнинг уйи. Ишга кирган пайтимиз битта компьютер бор эди. Ҳозир ҳар биримизда бор. Ҳудудимизда яшовчи бир тадбиркор маҳалла учун янги бино қуриб бермоқчи. Раҳбариятга ҳам шуни билдирдик.
Сир эмас, маҳалла одамлар энг кўп борадиган даргоҳ. Фуқаролар у ёки бу масалада мурожаат қилишади, ўз ташвишларини енгиллаштиришда маҳаллага таянишади. Аммо йиғин жойлашган бинонинг абгор ҳолатига боқиб, маҳалланинг ўзи мададга муҳтожлигини кўриб уларнинг ҳафсаласи пир бўлмайдими?! Ахир, маҳалла жойлашган бино ўзининг кўркамлиги, файзлилиги, ишлаш учун қулай шароитларга эгалиги, ён-атрофи гулу гулзорлиги, ободлиги билан барчамиз учун намуна вазифасини ҳам ўташи керак эмасми?! Соҳа мутасаддилари, депутатларнинг ташаббускорлиги қани?!

Маҳалланинг омборхона вазифасини ўтаётган хонаси
Вилоятда, жумладан, Когон туманида кейинги йилларда ўз-ўзини бошқарув органлари учун бир қатор янги бинолар қурилиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун замонавий шарт-шароитлар яратилганини эътироф этган ҳолда, Тунироқда нега бу масалага эътибор қаратилмаётгани кишини ажаблантиради. Балки унинг назардан четда, чекка ҳудудда жойлашгани бунга сабаб бўлаётгандир. Тағин билмадик.
— Ҳудудимизда болалар боғчаси йўқ, — дейди қишлоқ кексаларидан бири Абдурасул Дўстов. — Икки неварамизни уйдан 7 километрча олисда жойлашган Хўжаякшабадаги мактабгача таълим муассасасига беришимизга тўғри келмоқда.
Дарҳақиқат, Нишовур қишлоғидаги 25 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасасини назарда тутмаганда, ҳудудда мактаб ёшигача бўлган жажжи ўғил-қизларни ўз бағрига оладиган маскан йўқ. Ваҳолонки, ён-атрофдаги қишлоқларда боғча ёшидаги 250 нафар бола бор.
— Бизда мева-сабзавотчилик, чорвачилик анча ривожланган, — дейди Ш. Ражабова. — Аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхона йўқ. Лоақал сутни қайта ишловчи ёки мева шарбати ишлаб чиқарадиган цехлар бўлганида янги иш ўринлари яратилар, аҳоли турмуш даражаси ҳам ошар эди.

Маҳалла биносининг ташқи кўриниши
Бу — ҳудуд учун долзарб масала. Гап шундаки, иш йўқлигидан уйда ўтирган хотин – қизлар, ёшлар бор. Биламизки, ишсизлик муҳтожликка йўл очади.66 та шундай муҳтож оила муқаддам «Темир дафтар»га киритилган эди.
— Шуларнинг 56 таси туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари билан ҳамкорликдаги ишлар натижасида «Темир дафтар»дан чиқарилди, — дейди маҳалла мутахассиси Фазила Жиянова. — Уларга пандемия шароитида давлатимиз томонидан ҳам ҳар томонлама кўмак кўрсатилди.
«Темир дафтар»дан чиқарилди, дейилган оилаларнинг бирида бўлдик. Чиндан ҳам хонадонга моддий ёрдам кўрсатилган.1 сотих ерда иссиқхона қуриб берилган. Аммо фикримизча, бу хонадоннинг камбағалликдан халос бўлганини англатмайди. Оила яшаб турган уйни, ундаги шарт-шароитларни бирров кўрган киши буни сезмай қолмайди. Қолаверса, бир сотихли иссиқхонани иситиш ҳам муаммо. Чунки ҳудуднинг табиий газ тармоғидан узилганига анча вақт бўлди.
Шу билан бирга камбағалликдан қутилиш оиладагиларнинг ўзига ҳам боғлиқлигини таъкидламоқчимиз. Дейлик, тўрт мучаси соғлом кишининг 20—30 сотих томорқага эга бўла туриб, ўз аравасини ўзи тортмаса додингни кимга айтасан?

Хонани электр печка ёрдамида иситишдан бўлак илож йўқ
Бинобарин, ердан оқилона фойдаланиб, миллионлаб даромад кўраётган томорқачилар тажрибаси маҳаллада оммалаштирилса айни муддао бўларди.
Тунироқликларнинг яна бир ташвиши йўл билан боғлиқ. Ички йўлларни қўя туринг, туман марказига бормоқнинг ўзи турган-битган машаққат эди. Мурожаатлардан сўнг «Когон – Қизилтепа» йўлининг анчагина қисми таъмирланиб, равон ҳолга келтирилди. Аммо бир қисмида ишлар ҳали охирига етказилганича йўқ. Аҳоли серқатнов бу йўлнинг тартибга келтирилишидан умидвор.
Табиийки, бир маҳалланинг муаммоларини бир зумда ҳал этиб бўлмайди. Вақт, энг муҳими, эътибор талаб қилинади. Зеро, муаммолар одатда, эътибордан четда қолганида урчиса урчийдики, камаймайди. Мутасаддилар масаланинг шу жиҳатини унутишмасин.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг