Водийдаги энг баланд бино “Namangan Square”да қурилади
Фарғона водийсидаги биринчи “Smart City” Наманганда бунёд этилмоқда. “Namangan Square” дея номланган мазкур лойиҳа “MJ Developers” халқаро қурилиши компанияси томонидан амалга ошириляпти.
Мазкур компания вакиллари лойиҳа ижросига киришилганини расман эълон қилди.
18 гектар майдонни эгаллайдиган “ақлли шаҳар” машҳур ҳинд архитектори Хафиз Контрактор томонидан лойиҳалаштирилган. Унда илғор “яшил технология”лардан оқилона фойдаланилган бўлиб, бу ерда нафақат яшаш, бизнес юритиш, балки ҳордиқ чиқариш ва спорт билан шуғулланиш учун барча шарт-шароит яратилади.
Гап шундаки, шаҳарча умумий майдонининг 10 гектарини яшил ҳудудлар эгаллайди. Ноёб ландшафт дизайнидаги хиёбон, гольф клуби майдони, дарахтларга бурканган югуриш ва велосипед йўлаклари, шунингдек, баскетбол, теннис, футзал, воркаут ҳамда скейтинг майдонлари — буларнинг бари шу ерда яшовчилар учун тақдим этилади. Бунда замонавийлик билан бирга, ҳудуднинг боғдорчиликдаги қадимий анъаналаридан ҳам фойдаланилар экан.
— “Namangan Square”да 10 минг киши яшашга мўлжалланган гўзал шаҳарча бўлиб, 1500 та тураржой қад ростлайди, — дейди “MJ Developers” таъсисчиларидан бири Антик Жалан. — Уй-жойларнинг аксарияти 5 ва 9 қаватли бўлади. Бундан ташқари, ноёб дизайн ва конструкцияли 20 қаватли эгизак бино ҳам қурилади. Улар шаҳарчанинг асосий безагига айланиши, шубҳасиз. Ушбу иншоотлар Фарғона водийсидаги дастлабки энг баланд иморатлар ҳисобланади. Улар Наманган шаҳрининг тўрт бурчагидан яққол кўриниб туради.
“Namangan Square”даги қурилиш ишларига 20 мингга яқин ишчи-ходимлар жалб этилади. Уларнинг ғайрат-шижоати билан замонавий уйлар 2021 йилда фойдаланишга топширилади.
Компания томонидан келгусида Бухоро шаҳрида тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, Тошкентда эса яна бир йирик қурилиш лойиҳаси ҳаётга татбиқ қилиниши режалаштирилган.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг