Виртуал фронт қурбонлари

19:43 14 Апрель 2026 Жамият
321 0

Технологик тараққиёт башариятга мисли кўрилмаган имконият ва қулайликлар тақдим этгани рост. Лекин ҳар ненинг ҳам ўз сояси бўлгани каби рақамли қулайликлар ҳам ижтимоий иллатларни ҳаётимизга олиб кирмоқда, аниқроғи, ўзимиз олиб кирмоқдамиз. Эътибор берган бўлсангиз, кейинги вақтда транспортда, истироҳат боғида, оилавий давралар, ҳатто, тўй базмларида ҳам кишини чуқур ўйга толдирувчи бир хил манзарага дуч келяпмиз. Бу – ўнлаб ёшлар, аксарият мактаб ўқувчиларининг дунёни унутганича телефоннинг зангори экранига “михланиб” қолаётганидир.

Уларнинг вужудини ёнимизда қолдириб, хаёл ва руҳиятини ёнимиздан олиб кетган “PUBG Mobile” деб аталувчи, миллионлаб одамларни ўз домига ғарқ қилаёзган виртуал оламдир. Таассуфки, бу виртуал оламдаги фронтнинг асирига айланган ёшлар бир муддат ўтгач, ўша фронтнинг қурбонига айланмоқда.

– 2025 йил кузининг илк кунлари Покистондан тарқалган хабар кўпчиликни ҳайратга солиши билан бирга ҳушёрликка чақирган эди, – дейди Нурафшон шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси, педагог Фотима Тўхтаназарова. – Тарқатилган расмий ахборотларга кўра, 14 ёшли Али исмли покистонлик “PUBG”да бир неча кун давомида хонада қамалиб олиб ўйин ўйнайди. Онасининг доимий танбеҳлари ва “PUBG”даги навбатдаги мағлубият унга салбий таъсир кўрсатади. Бундай паллада ўсмир йигит қуролни қўлга олиб онасини, акаси ва икки синглисини отиб ташлайди. Суд болани бутун умрлик муддатга ҳукм қилди. Ўлим жазосидан уни фақат ёши қутқарди – қотиллик пайтида у атиги 14 ёшда эди!..

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Нима учун айнан “PUBG” ёшлар онгини бу қадар тез эгаллайди?

Руҳшуносларнинг фикрича, бу ўйин инсон миясидаги “мукофотлаш тизими”ни маҳорат билан бошқаради. Ҳар бир отилган аниқ ўқ, ҳар бир топилган виртуал қурол ёки ҳар бир ғалаба учун бериладиган “Winner Chicken Dinner” унвони мияда дофамин – завқланиш гормонининг кескин ортишига сабаб бўлиши мутахассислар томонидан тасдиқланган. Бола ҳаётда эриша олмаган эътирофни виртуал фронтда осонлик билан топмоқда. Мактабда ўзлаштириши суст, баҳоси паст, тенгдошлари орасида обрўси бўлмаган ўсмир “PUBG” оламида “профессионал жангчи”га айланади. Бу иллюзия шу қадар кучлики, вақт ўтиши билан бола реал ҳаётдаги қийинчиликлардан қочиб, фақат ўша виртуал ҳудудда яшашни истай бошлайди. Бу эса наркотик ёки алкогол қарамлигидан кам бўлмаган руҳий боғлиқликни келтириб чиқармоқда.

Статистик маълумотлар “PUBG” ўйинчиси кунига 4 соатдан 8 соатгача вақтини виртуал оламда ўтказаётганини кўрсатади. Агар бу вақт бошқача айтилса, ўсмир ёшлигининг энг унумдор вақтини, илм эгаллаши ва жисмонан чиниқиши керак бўлган йилларининг деярли ярмини ҳавога совурмоқда.

Дейлик, кунига 5 соат ўйин ўйнайдиган бола 1 йилда 1825 соатини виртуал жангда олишув учун сарфлайди. Бу вақт ичида иккита хорижий тилни мукаммал ўрганиш ёки битта ҳунарнинг етук устаси бўлиши мумкин.

“PUBG” нафақат вақт ўғриси, балки саломатлик кушандаси ҳамдир. Доимий равишда эгилган ҳолда телефонга тикилиш умуртқа поғонасининг жиддий қийшайиши (сколиоз) ёки бўйин умуртқалари остеохондрозига олиб келади. Кўз нурининг эрта пасайиши эса ҳозирги авлоднинг умумий муаммосига айланиб улгурди. Ачинарлиси, руҳиятдаги ўзгаришлардир.

– Ўйиндаги доимий агрессия, отишма ва ўлдириш саҳналари боланинг ҳис-туйғуларини ўлдиради, – дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактаби психологи Зоҳида Ибодова. – У ҳаётда ҳам муаммоларини жаҳл ёки куч билан ҳал қилишга мойил бўлиб қолади. Мағлубиятга учраганида эса телефонини ерга уриб синдириш, ота-онасига бақириш, ўйиндан чалғитган яқинларини душман деб билиш – буларнинг барчаси оғир руҳий бузилишнинг илк белгиларидир. Бу эса боланинг руҳан соғлом улғайишига тўсқинлик қилувчи омил ҳисобланади.

Ўйин ичидаги харидлар, яъни “скин” – виртуал кийим ва қурол-яроғ учун виртуал фронт аскарлари бўлган ёшлар ҳамёнидаги пулларини сарфламоқда. Ота-онанинг машаққат билан топган маблағини бу каби ҳеч қандай моддий қийматга эга бўлмаган “пискел”лар учун сарфлаш иқтисодий исроф билан бирга маънавий қашшоқликнинг бошланғич белгилари ҳамдир. Афсусланарлиси, ўйин учун пул топиш мақсадида бу азамат жангчилар ота-онасининг пластик карталаридан яширинча пул ечиб олаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам эшитилмоқда.

Мулоқотга асосланган ўйин, дея талқин қилинувчи бу виртуал ўйин жамиятда ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг дарз кетиши ва одамови, экран ортига яширинган одамларнинг вояга етишига сабаб бўлмоқда. Эҳтимол, нуқсонни фақат “ақлли матоҳ” ичидаги виртуал дунёдан эмас, ота-она ҳамда педагоглардан ҳам қидириш керакдир ва бу адолатдан бўлар. Дарҳақиқат, виртуал ўйинларнинг бу қадар оммалашгани маънавий-тарбиявий бўшлиқнинг оқибати эканлиги аён. Агар бола оила ёки таълим муассасасида етарлича эътибор кўрмаса, у ғамхўрликни виртуал оламдан излайди. Агар унда китобхонлик, спорт ёки бирор ҳунарга иштиёқ шакллантирилмас экан, бола ўз ҳаётини виртуал жанг майдонларида қурбон қилаверади.

Ҳаёт – ўйин эмас. Уни биргина “Restart” тугмасини босиш орқали қайтадан бошлаб бўлмайди. Боланинг қўлидан телефонни тортиб олиш ягона мақбул ечим бўлмагани каби, уни ўз ҳолича ташлаб қўйиш ҳам чора бўла олмайди. Демак, муҳтарам ота-она ва мўътабар муаллимлар фарзанд тарбиясида ҳамкорлик ва ҳамфикрлиликни маҳкам тутишлари лозим. Токи, эртанги кун эгалари ва келажак бунёдкорлари бўлган ёш авлод вакилларининг умри рақамли дунёда хазон бўлмасин. Токи, янги насллар виртуал фронт қурбонларига айланмасинлар!

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер