Виртуал аудиторияларга мослашиш зарур

11:49 05 Октябр 2020 Жамият
938 0

Пандемия шароити бутун дунёда таълим тизимини ўзгартириб юборди. Бугун кўринмас ёв билан курашда фаоллар ва фидойилар қаторида аввало, шифокорлар турган бўлса, кейинги навбатда педагогларни эътироф этсак янглишмаймиз. Кечагина аудиторияда ўтилган дарсларнинг фавқулодда онлайн платформага кўчгани таълим берувчи устозлар учун ҳам катта тажриба-синов мактаби бўлди.

Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият ва синовли кунларда юртимизнинг барча таълим муассасаларида жуда қисқа фурсат ичида онлайн дарслар йўлга қўйилди. Дастлаб мазкур ўзгаришлар бироз ноқулайликларни келтириб чиқарган бўлса-да, янги ғоя ва ташаббусларни, ҳозирги давр учун зарур бўлган инновацияларни таълим соҳасига киритилишига имкон яратди.

Ҳозирда ZOOM платформаси орқали онлайн дарслар ташкил қилиниб, университетнинг ҳар бир профессор-ўқитувчиси бу платформага видеомаъруза, маърузалар матни, мавзулар бўйича тақдимот материаллари, мустақил иш, очиқ ва ёпиқ тестларни киритиб, ўз вақтида талабаларнинг билимларини баҳолаб боряптилар. Онлайн дарс — бу янгича услуб ва анъанавий дарсдан тубдан фарқ қилади. Демак, ҳар бир ўқитувчи-педагог энди аудиториядаги ёндашувларни қисман унутиб, виртуал аудиторияларга мослашиши зарур, чунки бу дарсларнинг ҳам ўзига яраша жиддий талаб ва шартлари бор.

Онлайн дарслар воситасида талаба-ёшларимиз кўпроқ мустақил ишлашга, илмий ижод билан шуғулланишларига, китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлдилар, педагог-ўқитувчиларимиз эса хориж олимлари иштирокида ташкил қилинаётган онлайн видеоконференцияларда қатнашиб, касбий маҳоратларини ривожлантириш учун мунтазам ишлашга интиляптилар.

Талабаларнинг таълим соҳасига бўлган эҳтиёжларини қондиришда қулайликлар яратиш билан республикамизнинг малакали рақобатбардош мутахассисларга бўлган эҳтиёжи ҳам қондирилади. Шунингдек, талабаларнинг ижтимоий ва касбий фаолликларини оширишга эришиш мумкин. Сиртқи бўлимларда таҳсил олаётган талабаларнинг, хусусан, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ёшлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беради. Бундай услуб асосида ўқитиш бўлажак мутахассисларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади ҳамда меҳнат билан машғул шахсларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини мустаҳкамлаб, уларнинг дунёқарашини бойитишга хизмат қилади. Бу эса, олий таълим муассасаларида йиғилган илмий ютуқлар, мутахассис ходимлар ва уларнинг иштирокида юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашдек устувор режаларни амалга ошириш вазифасини қўймоқда.

Замонавий глобаллашув шароитида олий таълим соҳасидаги онлайн ўқитиш усуллари ахборот воситалари билан бойитилиши натижасида таълим сифатининг янада ортиши кутилмоқда. Бу борада масофавий ўқитиш усули ўқитувчи ва талабалар учун ҳам қатор қулайликларга эгалиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Эндиги вазият талабалар учун зарур бўлган ўқув-услубий материаллар, ўқув қўлланмалар асосида компьютер дастурлари ишлаб чиқиш вазифасини қўймоқда. Зеро, масофавий ўқитиш ҳар қандай соҳада ҳам жаҳон таълим марказларининг услубий адабиётлари, замонавий ҳамда сўнгги ахборотларни олиш, жамлаб фойдаланиш имкониятларини беради.

Муҳаббат Ҳакимова,

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги 

«Филология, психология ва педагогика» 

Илмий-техник кенгаши раиси, 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, 
педагогика фанлари доктори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер