Виола, шафран, атиргул ва райҳон

14:45 28 Март 2022 Жамият
1047 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатобод гуллар шаҳри – Наманганнинг рамзий дарвозаси. Меҳмонларнинг қадимий ва навқирон кентга қадами шу тумандан бошланади. Бинобарин, шаҳар ҳақидаги илк таассурот ҳам шу жойдан шаклланади. Амалда вилоят марказининг мазкур кенжа тумани манзараларидан кўз қувонади. Айниқса, йўллар бўйида эрта баҳордан кеч кузга қадар яшнаб турадиган гулзорларнинг оҳанрабоси ўзгача. Бинобарин, жорий йил баҳорида ёмғирлар фасли поёнига етиб-етмай Давлатободда турфа гуллар яна чаман оча бошлади.

Кўкаламзорлаштириш мавсумига мўлжалланган манзилли режага асосан туманда 850 минг тупдан кўпроқ гул экиш режалаштирилган. Бу борадаги ишлар жадал давом этаётгани йўл бўйлари ва дам олиш жойлари кун сайин чаманзорларга айланаётганидан ҳам билиш мумкин.

— Баҳорнинг ўтган илк ойида 68 минг туп кичик, 45 минг туп катта бўйли атиргуллар, 55 минг туп виола, 3 минг туп шафран, бундан ташқари зиния, пеларгония, салвия, петуния сингари минглаб гул кўчатлари ўтқазилди, — дейди Давлатобод туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Воҳисов. — Бу йил кўча бўйлари ва хиёбонларда ўзимизнинг хонаки гулларимиз, шунингдек, хушбўй ифорли райҳон ҳам кўплаб экилади.

Дарвоқе, бу йил Наманганда олтмиш биринчи бор нишонланадиган Гуллар фестивали кўргазмаларида намойиш этиладиган ноёб гулу чечакларнинг салмоқли қисми ҳам Давлатободдаги махсус плантацияларда парваришланмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер