Венада Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

15:58 27 Февраль 2023 Дунё
982 0

Тадбирда ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегациялари, Aвстриянинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва академик доиралари, шунингдек, етакчи таҳлил марказлари экспертлари ҳамда Вена шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва конституциявий ислоҳотлар мазмуни ва туб моҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда иштирокчиларга 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар, мамлакатимизнинг янгиланган ташқи сиёсати ва иқтисодий тараққиёт йўлида эришилган асосий муваффақиятлари, шунингдек, конституциявий ислоҳотларнинг концептуал бандлари, мақсад ва вазифалари, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда амалга оширилаётган муҳокама босқичлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тақдимот иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан тингланди. Улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Муҳокама жараёнида қатнашчилар ўз фикрларни билдиришди. Жумладан, ЕХҲТнинг собиқ Бош котиби, ЕХҲТ ПAнинг юқори даражадаги эксперти Ламберто Занер Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб боришини маълум қилар экан, мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг юқори суръати ўзида катта таассуротлар қолдирганини айтди. «Ўтган 5-6 йил ичида Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими, демократия ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилди», деди Ламберто Занер.

Халқаро ва конституциявий ҳуқуқ соҳасидаги таниқли мутахассис, Гарвард университети юридик факультетининг Глобал ҳуқуқ ва сиёсат институти илмий кенгаши аъзоси Леополд Шпехт Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар пухта ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлади. «Янгиланаётган Конституциянинг ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, халқнинг осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишни энг устувор вазифа сифатида ўзида мужассамлаштиргани Европанинг кўплаб давлатларига ўрнак бўлиб хизмат қилади», деди у.

Aвстрия сиёсий ва таҳлил доиралари вакиллари Конституциявий комиссияга мамлакатимиз аҳолиси томонидан 220 мингдан ортиқ таклифлар юборилганлигини, Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур масала бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш ва фуқароларга ўз конституциясини ўзлари шакллантиришлари ҳамда танлашлари учун имконият яратиб бераётганини юқори баҳолашди.

Aвстриянинг Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти вице-президенти, ЕХҲТ ПAнинг собиқ раиси Кристин Муттоненнинг айтишича, Ўзбекистон бугун ислоҳотлар сари тинимсиз интилаётган «тезюрар поезд»га ўхшайди. «Кўп қутбли дунёнинг ҳозирги тенденциялари ҳамда юзага келаётган таҳдидлар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва демократияни таъминлаш учун кучли шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда. Ўзбекистон эса ўз халқига ўз келажагини танлаш имкониятини бериб шундай шароитларни яратиб бермоқда», деди Кристин Муттонен.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер