Велосипедда мўъжаз кутубхона

19:36 15 Март 2022 Жамият
950 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғоналик Сардор Мадғозиев китобсеварлар оилада камолга етди. Шунинг учунми, болаликдан китобга бўлакча меҳр қўйди. Мутолаа завқи ила ҳаёт ҳақидаги илк тасаввурларини бойитиб борди. Шу билан бирга бу завқни тенгдошлари билан ҳам баҳам кўришни истаб, уларни китоб ўқишга ундашдан зерикмади, чекинмади. Охир-оқибат китобсеварликни тарғиб қилиш унинг мақсаду муддаосига айланди. Ана шу мақсад етовида Сардор велосипедда мўъжаз кутубхона ташкил этиб, аҳоли гавжум жойларда янги китоблар савдосини йўлга қўйди.

— Дастлаб Фарғона шаҳрининг ҳар бир маҳалласи, кейинчалик вилоятнинг туман-шаҳар марказларида шу каби онлайн кутубхона савдосини йўлга қўйишни режалаштиряпман, — дейди Сардор Мадғозиев. — Велосипед маҳаллий усталар ёрдамида қайта жиҳозланиб, қўл меҳнати орқали йиғиляпти. Бу осон кечаётгани йўқ. Вақт, маблағ дегандай... Лекин инсонда хоҳиш устун бўлса, барча нарсанинг имкони топилиши айни ҳақиқат.

Таъкидлаш ўринлики, Сардорнинг бу лойиҳаси - онлайн китоб савдоси каттаю кичик фарғоналиклар, хусусан, олий таълим муассасалари талабалари, ўқувчи-ёшларга жуда ҳам манзур бўлмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер