Ватан тақдири учун масъуллик ҳисси билан
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясига қарашли 860 та сайлов участкасида овоз жараёни қизғин давом этмоқда. Барча сайлов участкаларида сайловчилар, шунингдек, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, тегишли мандатга эга бўлган халқаро кузатувчилар ҳамда ОАВ ходимлари учун қонунчилигимизда белгиланган талаблар асосида зарур шароитлар яратилган. Бу эса сайловнинг ошиқ, ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлаётир.
Маълумотларга кўра, вилоят бўйича сайловчиларнинг ягона электрон базасида 1 миллион 467 минг 12 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилган. 18-30 ёшгача бўлган илк бор сайлаш ҳуқуқидан фойдаланаётганлар сони 510 минг 699 нафарни ташкил этмоқда. Сайлов кодексига биноан 20 мингга яқин фуқаролар муддатидан аввал овоз беришда иштирок этган.
251-сайлов участкаси Термиз давлат университети биносида жойлашган бўлиб, 2821 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг 135 нафари илк бора сайловда қатнашмоқда. Сайлов участкаси ҳудудида 59 нафар бемор ва ногиронлиги бўлган фуқаролар борлиги аниқланган. Сайловчилар карантин талабига амал қилган ҳолда ўзлари маъқул деб билган номзодга овоз беришмоқда.
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб деб билган номзодга овоз бериш учун биринчилар қаторида сайлов участкасига келдим, - дейди Термиз давлат университети ҳуқуқшунослик факультети 2-босқич талабаси Ўлмас Раимов. – Ўзим Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманиданман. Бугун барча ҳамюртларимизни, тенгдошларимни сиёсий жараёнда фаол бўлишга чақираман. Ўйлайманки, мен ўз келажагим, Ватаним тақдири учун энг муносиб номзодга овоз бердим.
Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг