Ватан, айланайин тупроқларингдан!

19:05 24 Октябр 2022 Жамият
754 0

Архив сурат

Шеъриятни шариф билгувчи шоира Шарифа Салимованинг битиклари ҳар бир кўнгилга яқин. Зеро, уларда шоиранинг самимий туйғулари, қайноқ нафаси, юрак зарби яққол сезилиб туради.

Ижодкорнинг “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Ҳизр булоғи” ва бошқа тўпламлари китобхонлар қўлига етиб бориши билан уларнинг яқин дўстига, ҳамроҳига айлангани шундан.

 Қуйида шоира ижодидан намуналар билан танишасиз.

* * *

Олтинранг япроқлар шивирлаб ётар…
Олтинранг япроқлар… олтинланган ҳис…
Олтинранг япроқлар қисматни ичар:
— Яшил умримизда бошланибди куз…
Оҳ, к у з з з…

Дарахт баргларида олтинланар нур,
Шамолда ҳилпирар бир дарахт хазон.
Олтинранг япроқлар бир-бирин қучар:
— Наҳот хазон бўлмоқ шунчалар осон?
Шунчалар осон?

Куз қушлари қўнмас хазонли боққа,
Улар олисларга олмоқдалар йўл.
Олтинранг япроқлар айтар алвидо,
Ердан само сари узатганча қўл…

Дерлар: Баҳорларга албат етингиз,
Яшил япроқларга қўниб ўтингиз.
Атрофга боқаман: олтиндир дунё,
Атрофга боқаман – хазонлар денгиз.

Олтинранг либосда ажиб виқор-ла
Меваларни бир-бир териб олар куз...
Меваларни бир-бир териб олар куз.
Хазонли боғларда тентидим узоқ,

Қулоқни ёргудай кузнинг жаранги.
Ердан само қадар заъфарон денгиз…
Наҳот шунча гўзал изтироб ранги…
К у з з з …

ВАТАН

Ватан, айланайин тупроқларингдан,
Соя-салқин берган япроқларингдан.
Мен дарё кўксида Ватан кўрдим, деб
Чўққидан отилган ирмоқларингдан.

Қалдирғоч валфажр айтади сайрон,
Тумшуғин интилиб чўзар полапон,
Вассажуфтли уйинг айлагач макон,
Қалдирғоч ризқ тутар урвоқларингдан.

Зангор денгиз янглиғ чайқалар далам,
Райҳонга сув сепар келинчаклар ҳам,
Боғингда олмалар юзлари тарам,
Ширмой нон узилар ўчоқларингдан.

Оллоҳ назар қилган сеҳрли диёр,
Дунёни титратган даҳоларинг бор,
Тупроғинг зарраси жонимга тумор,
Юз чайгум иймондек қирғоқларингдан.

Бугун олтин тожли Алпомишим сен,
Қодирий ҳам ўзинг, ҳам Кумушим сен,
Зарларга беланган Ҳумо қушим сен,
Дунё гул оғушлар қучоқларингдан.

Ватан, онажоним, жону жаҳоним,
Кўксида ўстирган фирдавс маконим,
Мангу завол билмас Ўзбекистоним,
Ватан, айланайин тупроқларингдан!
Шарифа САЛИМОВА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер