Устувор вазифалар ижроси 2-сектор эътиборида

12:10 30 Сентябр 2021 Жамият
1254 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Наманган вилоятининг шимолий қисмида жойлашган Янгиқўрғон туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳудуд тараққиётини тезлаштирмоқда.

Буни, жумладан, ишлаб чиқариш ривожи, қишлоқ ва маҳаллалар ободлиги, аҳоли турмуш даражаси юксалаётганида ҳам кузатиш мумкин. Эътиборли жиҳати, халқ розилиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда 2-сектор ҳам фаол иштироки этмоқда.

Масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Оддийгина мисол, жорий йилнинг ўтган даврида туман прокурори ташаббуси билан сектор ҳудудидаги 3 та эҳтиёжманд оила учун уй-жойлар янгидан қуриб берилди ҳамда 2 та оиланинг уй-жойи таъмирланди. Айни жараёнда Боғистон маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Нилуфар Йўлдошева ўз фарзандлари билан икки хонали шинам уйга кўчиб кирди.

Маҳалла фуқаролар йиғини идоралари учун қулай меҳнат шароити яратиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Зеро, аҳоли билан фаол иш олиб борадиган бу масканга келган ҳар бир инсоннинг кўнгли тўлиб чиқмоғи лозим. Шундан келиб чиқиб, “Хўжашўркент”, “Ғайрат”, “Гулистон” ва “Янгибоғистон” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари янгидан қурилди, айримлари мукаммал таъмирланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятларидан оқилона фойдаланилмоқда. Жумладан, кейинги пайтларда қиймати 36,9 млрд. сўмлик 20 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шундан 7 таси  ишга туширилди. Натижада юзга яқин янги меҳнат ўринлари яратилди.

Янгиқўрғонда узумчилик соҳаси ҳудуднинг асосий “ўсиш нуқта”ларидан  ҳисобланади. Аҳолининг асосий даромади ҳам шундан. Ҳозирги кунда 1200 гектар токзорлардан йилига ўртача 50 минг тоннадан кўпроқ экспортбоп узум  ҳосили етиштириляпти. Аҳолининг реал даромадини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида сектор ҳудудидаги Деҳқонобод, Туман ва Гулшан маҳаллалари узумчиликка ихтисослаштирилди.

Туман маҳалласида жойлашган “Valley montain Fruits” МЧЖга прокуратура ташаббуси билан мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш омбори лойиҳасини амалга ошириш учун 4,5 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Лойиҳа ишга тушиши билан  дастлаб 10 та янги иш ўринлари ташкил этилди ва йилига 2 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш имконияти юзага келди.

Секторнинг эзгу ишлари ижтимоий ҳимоя масалалари, хусусан, “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Айни дафтарга киритилган 616 нафар фуқарога  ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш бўйича “Йўл харита” тасдиқланиб, масъул идоралар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда улардан 518 нафарининг муаммолари ечимини топган.

Худди шунингдек,  “ёшлар дафтари”га киритилган 48 нафар йигит-қизга  субсидия маблағлари ҳисобидан асбоб-ускуналар етказиб берилиб, улар бандлиги таъминланган.

— Ҳудудимизда жойлашган Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлиб ўтган “Прокурор ва ёшлар” учрашувида 200 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди, — дейди 2-сектор раҳбари К.Аҳмаджонов. — Улар томонидан билдирилган муаммо ва таклифларга алоҳида эътибор қаратилди. Пироварида, ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлардан бир нафар талабага тўлов шартномасини 50 фоизини тўлаш, 2 кишига ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш учун, 30 нафар ёшга асбоб-ускуна олиши учун сертификатлар берилган. Улардан бири — “Боғистон” МФЙда яшовчи Ё.Олимов бўлиб, унга қиймати 12,5 миллион сўмлик “мотоблок” ускунаси олиб берилди.

“Темир дафтар”га киритилган 537 та оиланинг 685 нафар оила аъзоси иш билан таъминланиб, мазкур хонадонлар моддий аҳволи яхшиланганида ҳам сектор аъзоларининг ҳиссаси катта. Кўплаб фуқароларнинг ижтимоий бандлиги таъминланиб, улар рўзғорларига барака кирди. Мисол учун, “Соҳил” МФЙда яшовчи  Р.Қобулов “Раҳмонжон Жунай” фермер хўжалигига, хўжашўркентлик  Ж.Мусаев “Янгиқўрғон Шифобахш Замин” фермер хўжалигига, “Бўстон” МФЙда яшовчи З.Эсонова эса “Тоғ гўзали” МЧЖга тикувчи вазифасига ишга қабул қилинди.

— Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига манзилли моддий ёрдам кўрсатиб бориляпти, — дейди туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси К. Аҳмаджонов сўзида давом этиб. — Сектордаги 537 та оилага 0,6 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилгани бунинг исботидир. Айни имконият билан ушбу оилаларда кундалик турмуш билан боғлиқ қатор муаммолар ўз ечимини топганидан одамлар миннатдор.

2-сектор аъзолари фаоллиги билан рўёбга чиқарилаётган амалий ишларнинг барчаси инсон манфаатларига йўналтирилган бўлиб, улар ижроси жойлардаги ўзгаришлар, аҳоли турмуш фаровонлигининг ортаётганида кўзга ташланади. Аслида барча интилишларимизнинг мақсад-муддаоси ҳам шунда.

 

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер