Усмон Хўжа Пўлатхўжаев ким бўлган?

16:11 30 Октябр 2023 Жамият
1193 0

Фото: Халқ сўзи

Шарқ озодлик ва мустақиллик курашлари тарихида XIX аср охири —XX асрнинг дастлабки ўн йилликлари муҳим давр саналади. Хусусан, Бухоро амирлигининг сўнгги кунлари ва БХСР фаолият кўрсатган 1920-1924 йилларда жадидчилик ҳаракати вакиллари илм-фан, маориф ривожи ва истиқлол учун курашда олдинги сафларда бўлдилар. Улар ўз жонларини гаровга қўйиб, мустамлакачилик тузумига, зулм ва зўравонликка қарши чиқдилар. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида«ги Фармони ижроси доирасида Бухоро шаҳрида “Жадидлар музейи” фаолиятини йўлга қўйиш саъй – ҳаракатига киришилгани айни муддаодир.

Эътиборлиси, бу музей кўҳна шаҳарнинг Усмон Хўжа Пўлатхўжаев яшаган Говкушон гузари Хўжа Гулрез кўчаси 13- уйда ташкил этилади. Шу ўринда нега айнан шу манзилда музей фаолияти йўлга қўйилади, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга аввало Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида сўз юритиш орқали ойдинлик киритиш мумкин.

Гап шундаки, жадидлар орасида Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг алоҳида ўрни бор. У 1878 йилда Бухорода бадавлат савдогар хонадонида дунёга келган. Моддий имконияти етарли экани ва оиласидаги соғлом маънавий муҳит туфайли ёшлигида яхши таълим олган, отасининг савдо-сотиқ ишларига ёрдам бериш асносида Туркистоннинг ўнлаб шаҳарларида бўлган.

Ундаги инсоний фазилатлар, замонавий дунёқарашнинг шаклланишида татар маърифатпарварлари Курсавий, Маржоний, Исмоил Гаспирали, Бухоро жадидлари отаси Аҳмад Дониш илгари сурган ғоялар ўз таъсирини ўтказди. Натижада Усмон Хўжа жадидчилик ҳаракати ва миллий озодлик кураши майдонига фаол кириб келди.1898 йилги Андижон қўзғолонида иштирок этди. Ўшанда у Бухоро амирлиги фуқароси бўлгани учун Россия империяси маъмурларининг жазосидан қутилиб қолганди.

1909-1911 йилларда Истанбулда ўқиди. Туркиядан дарслик, ўқув қўлланма, глобус, хариталар олиб қайтди.Укаси, жадидлар сафдоши Отаулла Хўжаев ( у 1937 йилги қатағон қурбони бўлган) билан бутун вужуди ила маърифатпарварлик ишига киришиб кетди. Усмон Хўжа очган мактабда 1912-1913 йилларда 150-200 нафаргача ўқувчи таҳсил олган. Мазкур мактабда ҳатто унинг жияни Файзулла Хўжаев ҳам ўқиган. Бу улуғ аждодимиз XX аср Бухоро амирлигида бошланган “усули жадид” мактаблари очиш ҳаракатининг олдинги сафида турганини кўрсатади.

1916 йил Туркистон фуқароларини мардикорликка олишга қарши халқ қўзғолонини қўллаб-қувватлагани, 1918 йил мартидаги Колесов исёни воқеалари пайтида тўғри позицияда турганлиги, 1919-1920 йиллардаги Ўрта Осиё бюроси йиғилишларидаги иштироки, амирликдаги монархия тартиби ағдарилганидан сўнг, Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати таркибида молия нозири сифатида иш бошлаши – буларнинг бари унинг юртпарвар ташкилотчи инсон бўлганидан дарак беради.

Усмон Хўжа БХСР ҳукуматида бир қатор масъул вазифаларда ишлади.1921 йил сентябрда Бухоро Марказий Ижроия қўмитаси (БухСИК) нинг биринчи раиси лавозимига сайланди. Манбаларда Бухоронинг “Биринчи президенти” деб қайд этилган бу юртпарвар инсон БХСР ҳукумати топшириғи билан Шарқий Бухорода Фавқулодда комиссия раиси лавозимида ҳам фаолият юритди.У кўп минг сонли Қизил Армия қўшинларини Бухородан олиб чиқиш, мустақил давлат тузиш, шўро ҳукуматининг шовинистик сиёсатига чек қўйиш каби ҳақли талабларни илгари сурди.

Усмон Хўжа шўро режимига қарши курашиш мақсадида миллий қўшин тузиш учун 1922 йилда Афғонистонга ўтди. Унинг номини “хоинлар” рўйхатига тиркадилар. Оқибатда Усмон Хўжа 46 йил ватангадоликда яшади. Бироқ бир лаҳза ҳам Ватан мустақиллиги учун кураш майдонини тарк этмади. Афғонистон, Туркия, Эрон, Полша, Покистон каби мамлакатларда муҳожирликда, хавф-хатар остида кун кечирди.

Умрининг асосий қисмини Туркияда ўтказган Усмон Хўжа бу давлатда Туркистон Миллий бирлиги (ТМБ) , Туркистон ёшлар жамиятини тузиш, уларга раҳбарлик қилишда жонбозлик кўрсатди. Истанбул шаҳрида “Янги Туркистон” (“Ени Туркистон”) журналини нашр эттирди.Ушбу нашр 1927-1931 йилларда дунё юзини кўрди. Унда Туркистон озодлиги, маданияти ва тарихи билан боғлиқ долзарб масалаларга оид мақолалар босилди.

Усмон Хўжа Туркия Республикасининг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк билан яқин муносабатда эди. Давлат раҳбари унга 1923 йилда Анқара ҳукумати таркибида ишлашни таклиф этган. Рад жавобини беришига қарамай, Мустафо Камол ватандошимизга ҳукумат даражасида нафақа тайинлашга кўрсатма берган. Усмон Хўжа вафот қилганида ( 1968 йил) уни худди турк обрўли ҳукумат аъзолари ва таниқли шахслари сингари Туркия миллий байроғига ўраб дафн қилишган. Маросимда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан юзлаб муҳожир туркистонликлар (ўзбек) лар қатнашган. Вафотидан сўнг, унга бериладиган нафақа турмуш ўртоғи Ҳакимахонга етказиб турилган. Дарвоқе, Қўқон хони авлодларидан бўлган бу аёл 1994 йилда ҳаётдан кўз юмган.

Усмон Хўжанинг 1947 йилда таваллуд топган ўғли Темурхўжа Усмонхўжа ўғли филология доктори, профессор сифатида АҚШнинг Мичиган университетида узоқ йиллар талабаларга таълим берди. Мустақиллик шарофати билан у юртимизга бир неча бор келиб, ота – боболари яшаган уйни, Бухорои шарифни зиёрат қилди. Темурхўжа “Бухородаги уй” романи муаллифи саналади. Эътиборлиси, асарда барча воқеалар ҳовли “тили”дан ҳикоя қилинади.

Айтмоқчи, унинг бобоси, йирик савдогар Пўлатхўжа Караматуллоҳхўжанинг ҳовлиси Амир Музаффар ҳукмронлиги даврида 1860-1870 йилларда қурилган. У ташқи ва ички ҳовлидан иборат. Шарқона уйсозликнинг ноёб намунаси саналган, 150 йиллик тарихга эга ҳовли ҳолати яхши сақланган. Бу ерда узоқ йиллар вилоят прокуратураси, вилоят суди фаолият юритган. Кейинги пайтда ундан хусусий мулк эгалари меҳмонхона сифатида фойдаланишаётган эди. Қадимий уй Темурхўжанинг таклифига кўра, “Жадидлар тарихи” музейига айлантирилиши муносабати билан мулк эгалари розилиги олинган ҳолда давлат ихтиёрига ўтказилди. Темурхўжа Истанбулдаги кўп минг сонли кутубхонасини шу музейга тақдим этиш ниятида.

Бинобарин, музейнинг очилиши жадидчи ота – боболаримиз руҳини шод қилади. Ёшларимизни истиқлол қадр – қимматини англаб етишга, қадриятларимизни асраб – авайлашга, она – юртга муносиб фарзанд бўлиб етишга даъват этадиган табаррук масканга айланади.

Шодмон ҲАЙИТОВ,

Бухоро давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер