Урганчга янги автобуслар келтирилди

14:09 18 Ноябрь 2024 Жамият
346 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Урганч шаҳрида жамоат транспорти хизматини яхшилаш мақсадида Хитойнинг “Zhongtong” компаниясида ишлаб чиқарилган 50 та замонавий автобуслар келтирилди. Янги автобуслар тақдимотида кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Банкнинг имтиёзли кредити ҳисобидан 80 та янги автобус харид қилиш бўйича шартнома тузганмиз, — дейди “Бунёд йўловчи ташиш” МЧЖ раҳбари Азамат Матсапаев. — Лойиҳамизнинг биринчи босқичида автобусларнинг 50 тасини олиб келдик, қолган 30 таси йил охиригача етиб келади. Янги автобуслар ногиронлар, кекса ва ёш болали аёллар учун яратилган қулайликлари билан ажралиб туради. Қатновларнинг автоматлаштирилган мониторинг назорати ҳамда электрон тўлов тизими йўлга қўйилган.

Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда Урганч шаҳрида 14 та йўналиш мавжуд бўлиб, 138 та автобус ҳар куни 60 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Шаҳарнинг транспорт бош режасига асосан 16 та йўналишда 148 та автобуслар ҳаракатланиши белгиланган. Янги автобусларда йўловчи ташиш хизмати “Брутто шартномаси”, яъни “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонлари асосида ҳисоб-китоб қилиниши натижасида кунига 136 минг нафар йўловчини манзилга элтиб қўйиш имконияти яратилади, қатновларнинг оралиқ интервали 18 дақиқадан 10 дақиқага қисқаради. Урганч шаҳрида ушбу янги автобуслар қатновга қўйилиши туфайли амалда фойдаланилаётган автобуслар вилоятдаги бошқа йўналишларга ўтказилади ва бу йўналишларда ҳам хизмат сифати яхшиланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер