«Унутмас мени боғим...»

19:33 05 Май 2021 Жамият
1852 0

Фарғона вилоятида ҳам уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари, байрам совғалари тантанали равишда топширилмоқда.

Қува туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 96 ёшли Эргаш ота Тошбоев, Мўмин ота Тошматов хонадонлари вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, ҳарбийлар, жамоат ташкилотлари, маҳалла вакиллари ташрифидан янада файзга тўлди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров табаррук ёшли қаҳрамонларга Президентимизнинг байрам табригини тантанали равишда ўқиб эшиттириб, пул мукофоти, эсдалик совғаларини тақдим этди.

Байрам шукуҳи салкам бир асрлик умр довонига яқинлашаётган тошлоқлик Рустам ота Акбаров, Фарғона ва Марғилон шаҳри, Фарғона туманида яшовчи уруш фахрийси ва ногиронлари, 2000 йили Сариосиёда террорчиларга қарши аёвсиз жангларда ҳалок бўлган ҳарбийлар хонадонида ҳам давом эттирилди.

Самимий суҳбатлар жараёнида оловли уруш йиллари ёдга олиниб, мард ва жасур боболаримиз мангу барҳаёт эканлиги таъкидланди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиши учун дуога қўл очилди, бугунги фаровон ҳаёт, дориламон кунларга шукроналар айтилди.

— Меҳрибон онам ва барча яқинларимнинг дуолари мени шафқатсиз урушдан омон қайтишимга сабаб бўлган эди,-дейди навқирон 18 ёшида жангга кирган Тошлоқ туманидаги «Қумқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рустам ота Акбаров. – Иккинчи жаҳон урушидан кейин бир умр қишлоқ хўжалигида ишладим. Бугунги кунда фарзанд ва набиралар ардоғида умргузаронлик қиляпман. Бундай эътибор ва рағбат учун Президентимизга каттадан-катта раҳмат.

Олтиариқ туманининг Оқбўйра қишлоғида яшовчи 96 ёшли Тўланбой Шокировни ҳамқишлоқлари эркалаб «Катюша тоға» деб чақиришади. Боиси файзли оила соҳиби уруш йилларининг машҳур қўшиғи «Катюша»га ўйнашни қойиллатади. Бугун ҳам қаҳрамон меҳмонларга энг севимли қўшиғига рақсга тушиб берди.

Айни кунларда вилоят шаҳар ва туманларида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлари ҳамда мустақиллик йилларида юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ўғлонларининг оилаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш тадбирлари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер