Университетда Омонулла Мадаев боғи очилди
Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Таниқли адабиётшунос олим, жонкуяр педагог Омонулла Мадаев бир умр мактаб ва олий таълим муассасаларида ёш авлодга халқ оғзаки ижоди ва ўзбек адабиёти тарихидан сабоқ бериб келган. Шунинг билан бирга, Алишер Навоийни XXI аср авлоди онгига сингдириш учун меҳнат қилган, заҳмат чеккан. Энг муҳими, бу ишларда ҳалоллик ва покизаликни бош мезон деб билган.

Ижтимоий тармоқда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа ёш журналистларнинг таклифини қўллаб-қувватлаб, университет ҳовлисидаги ўрикзорга Омонулла Мадаев номини берди ва ёдгорлик лавҳини ўрнатди. Унинг очилиш маросимига олимнинг қизи профессор Шаҳноза Мадаева, шунингдек, ёш журналист Отабек Исроилов ташаббус эгаси сифатида таклиф қилинди.
Дарвоқе, Омонулла Мадаев ва ўрик гули. Ўрик ҳар йили гуллайди, адабиётшунос олим эса ҳар йили бир неча кунга Фарғонага, Риштонга бориб, юзлаб гектар боғда ўрик гули томошасидан, ўрик гули япроқларининг рақсидан завқ олиб келган. Бу кўнгил кишиси ва меҳр одамининг маданий ҳордиғи эди.

Олий илмгоҳ ўрикзорида Омонулла Мадаев боғи очилар экан, донишманд халқимизнинг «Яхшидан боғ қолади» деган қадим ҳикмати бежиз эмаслигига, яхши одамларнинг эзгу амаллари умрбоқий бўлишига яна бир бор амин бўлдик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг