Умра зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди
Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида Умра зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Учтепа тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро О.К. ва бошқалар фуқаро В.Х.нинг ишончига кириб, 4,9 минг доллар эвазига «Умра-2026» тадбири учун Саудия Арабистонига бориш учун виза ҳужжатларини тайёрлаб, 4 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишларини ваъда қилиб, олдиндан бўнак сифатида 2,5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Департаментнинг Ғузор тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда хусусий авиакасса чипта сотувчиси У.Қ. фуқаро Л.Ч.нинг ишончига кириб, унинг қайнонасини 12,2 млн сўм эвазига танишлари ёрдамида Умра зиёратига юборишини айтиб, шундан 10 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг