Улуғ йўл кутаётганда, сусткашлик жиноятдир
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўпчилик қатори катта бир умид ва чанқоқлик билан кузатдим. Унда тилга олинган қайсики соҳа бўлмасин, аввало, туб илдизидаги мақсад халқ фаровонлиги, жамият тараққиётига қаратилганлиги қувонтирди.
Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўйди.
Қайси бир соҳани олмайлик, катта ўзгаришлар, янгиланишлар ва буларнинг асосида қонун устуворлиги, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, халқ розилиги, унинг фаровонлиги учун катта ва кенг миқёсдаги ҳаракатлар бошланганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Энг қувонарлиси, бу жараёнда халқимизнинг ўзи янгича тафаккур, янгича муносабат билан жараёнларда масъулият ҳис этиб, фаол иштирок этаётганидир.
Барқарор тараққиёт ҳақида сўз кетганда, ҳамиша матонатли япон халқини кўз олдимизга келтирамиз. 1945 йилда Хиросимага атом бомбаси тушган, Нагасаки кўкка совурилган дамда, дунёнинг кўпгина мамлакатлари “бу ер қарғиш урган манзилга айланди, ҳали бери бу заминда ривожланиш бўлмайди”, дея тахмин этишганди. Оллоҳнинг мўжизаси ва фақатгина япон халқининг матонати, ўз юртига бўлган чексиз муҳаббати сабабли орадан икки йил ўтиб, бу “қарғиш теккан” заминда дарахтлар илк баргини чиқарди. Бугун 120 миллиондан ошиқ аҳоли яшайдиган Японияда очлик ҳам, камбағаллик ҳам йўқ. Фаровонликда японлар Америкадан ўтса ўтадики, кам эмас. Ваҳоланки, бу заминда ҳеч бир ер ости захираси, на нефт, на кўмир на-да газ бор. Бу юртнинг энг катта бойлиги – Ҳазрати инсондир. Ўз халқига бўлган инсоний меҳр, инсоний муносабат бор. Уларнинг яхши яшаши ва фаолияти учун яратилган кенг имкониятлар бор.
Ўзбек халқимиз, меҳр-у оқибатда, инсоний қадриятларнинг бойлиги ва саховатда, миллатпарварликда япон халқидан ўтса ўтадики, кам эмас. Фақат биргина масала, уларга яратилажак имкониятда.
Мурожаатномани тинглар эканмиз, унинг замирида Кунчиқар юртдан кам бўлмаган яратилажак имкониятлар кўз олдимга келди. Матонатли ва меҳнаткаш халқимизнинг неча йиллик орзулари, умидлари ижобатини кўрдим. Мурожаатнома замиридаги асосий мақсад, бу халқимизнинг ҳаёт даражаси турмуш фаровонлиги, асосийси унинг миллий юксалиши сари янги одимлар қўйишга қаратилган.
Мурожаатномада 2020 йилнинг устувор йўналишлари – илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт эканлиги айтиб ўтилди. Бу йилда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 60%га етказиш режалаштирилмоқда. Янги мактаблар, шу жумладан хусусий мактабларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш давом эттирилади. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласи ҳал этилади. Янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилади. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25%га ва келгусида 50-60%га етказиш лозим. Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади. Қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилиши кўзда тутилган.
Ҳар қандай давлатнинг эртанги тараққиёти икки устунга таянади, бу иқтисодиёт ва маънавият устунларидир. Маънавият, маърифати юксалмаган ҳар қандай давлат инқирозга юз тутади. Шундай экан, аввало ёшларимизга бу соҳада кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳаётда ўз ўринларини топишга мададкор бўлиш бугуннинг энг долзарб вазифасидир. Маърифатли, маънавияти етук фарзандларимизнинг ўз фикри, ўз мустақил сўзи, асосийси олдига қўйган юксак мақсадлари бўлади. 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинишида ҳам ўзига хос мазмун мужассам.
Мурожаатноманинг энг таъсирли ва қанчадан-қанча инсонларга умид бахш этган яна бир қисми, бу энди мамлакатимизда узоқ вақтдан бери доимий асосда яшаб келаётганларнинг барча фуқаролар сингари жамики ҳуқуқлардан фойдаланишлари учун имконият яратилганидир. 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор, дейилади Мурожаатномада. Шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилади.
Мен узоқ ўн-ўн беш йиллардан буён оилавий тадбиркор Мақсуда опа ва унинг оиласини яхши биламан. Миллати ўзбек, мустақиллигимизнинг илк йилларидаги талотўплар сабаб Қирғизистондан она юртига кўчиб келишган. Оиласи, фарзандлари тинч, турмуши фаровон бўлса-да, ҳамиша суҳбатлашганимизда бир армон юрагини кемирар ва ҳар гал шу дардидан сўз очар эди. “Биз-ку кексайиб қолдик, ўз ватанимизда ўзимиз бегона бўлиб умримиз ўтди. Наҳотки, фарзандларимизни ҳам шу қисмат кутиб турган бўлса, шу юртнинг фарзандиман, дея кўкрак кериб нафас олиш бахти уларга ҳам насиб этмаса”. Опа шу муаммоси сабаб кўп эшикларга бош урганини ва ҳар гал умидсиз қайтганини сўзларди.
Мурожаатномани тинглаб бўлибоқ, Мақсуда опага сим қоқдим.
– Мақсуда опа, эшитдингизми? Ниҳоят кўп йиллик армонларингиз ушаладиган, муаммоларингиз ҳал бўладиган бўлди. Хурсандмисиз, опа?
Гўшакнинг нариги томонидан садо келмади, фақат оғир хўрсиниқ ва тинимсиз йиғи овози эшитиларди. Бу Мақсуда опанинг севинч кўзёшлари эди.
Буюк грузин фарзанди, давлат арбоби ва шоири Шота Руставели асарларини ўқиётганимда шундай мисраларга кўзим тушганди, “Улуғ йўл кутаётганда, сусткашлик жиноятдир”.
Назаримда, бугун мана шу шиор ҳар биримизга дахлдор. Шу юртни Ватан деб билган ҳар бир юртдошимиз, Президентимиз атрофида жипслашмоғимиз, тараққиёт йўлида камарбаста бўлмоғимиз, бу муқаддас вазифа ҳар биримизнинг шарафли ва муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.
Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг