Улар ҳамиша эътиборда
Фото: «Халқ сўзи»
Халқаро ногиронлар куни бу йил ҳам Наманган вилоятида эсда қоларли тадбирлар билан нишонланди. Хусусан, вилоят марказининг “Шаршара” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган бир гуруҳ кўзи ожиз фуқаролар ўзлари яшаётган икки қаватли уйни мукаммал таъмирдан сўнг янги қиёфа ва муносиб шарт-шароитлар яратилган ҳолда қабул қилиб олдилар. Бинодаги мавжуд 36 та хонадон кейинги пайтларда ниҳоятда таъмирталаб бўлиб қолган эди. Хомийлар кўмагида иморатнинг коммуникация тармоқлари бутунлай янгиланди. Томи таъмирланиб, энерготежамкор иситиш воситалари, акфа эшик ва ромлар ўрнатилди, кириш йўлаклари пардоздан чиқарилди.Тураржой ҳудудида қурилган болалар майдончаси ва тандирхоналар яшовчилар учун қўшимча қулайликлар яратади.
— Сизлар ҳамиша эътибор ва эъзоздасиз, — деди хонадонлар тақдимотида сўз олган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. — Шинам турар жойлар саодатли кунларингизга хизмат қилсин.
Наманган шаҳрида кар-соқовлар жамияти вилоят бўлими янги офиси ҳам фойдаланишга топширилди. Бобур шоҳ кўчасидаги маънан эскирган бино ўрнида қад ростлаган замонавий офисда эшитиши ва гапиришида нуқсони бўлган юртдошларимиз учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Бу ерда махсус китоблар жамланган кутубхона ҳам ташкил этилди.
Фарҳод МАМАДАЛИЕВ, Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг