Уйингизда туриб ҳам мулк сотиб олишингиз мумкин
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази”да журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда марказ томонидан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси платформасини янада такомиллаштириш, фойдаланувчи ва аукцион иштирокчилари учун қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидлаш керакки, “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш мақсадида йўлга қўйилган муваффаққиятли лойиҳалардан бири.
Ҳозирги пайтда мазкур савдо майдончасида давлат активлари (баҳоланган нархдаги давлат мулки объектлари, бўш турган давлат бинолари, корхоналардаги давлат улушлари), тадбиркорлик ва уй-жой қуриш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқ, кўчмас мулк объектлари, автотранспорт воситалари, махсус техника ва асбоб-ускуналар, дарёлар ўзанларини тозалашга бўлган ҳуқуқ, ҳудудларни санитария жиҳатдан тозалаш учун рухсатнома, қимматбаҳо металлар ҳамда норуда материалларни қазиш ҳуқуқи, шунингдек, “Айдар-Арнасой” кўллар тизимидаги участкалар, республика бўйича давлат мулки объектлари ижарага берилади.
Қолаверса, жисмоний ва юридик шахслар ҳам ўз мол-мулкларини ягона электрон савдо майдончаси орқали реализация қилиш ҳуқуқига эга.
Шу пайтга қадар “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали жами 15,3 мингга яқин бошланғич баҳоси 771 миллиард 100 миллион сўм бўлган мол-мулклар аукцион савдоларида 942 миллиард 800 миллион сўмга сотилган.
Энг муҳими, ягона электрон савдо майдончасида аукционлар очиқ ва шаффоф, инсон омили аралашувисиз ўтади. Бу эса турли коррупция ва бюрократик ҳолатларнинг олдини олишга, фуқароларнинг тенг иштирокига, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, ягона электрон савдо майдончасида ҳамма жараёнлар очиқ-ошкора тарзда амалга оширилади.
Таъкидлаш керакки, аукцион соат 09.00 дан 18.00 гача ўтказилади. Нархи ошиб бориш тартибидаги аукционда сотиб олиш таклифи бошланғич нархдан 5 фоиз оширилган нарх билан бошланади. Иштирокчилар 10 дақиқа ичида таклифни тасдиқлаши керак, шу вақт ичида ҳеч ким кейинги таклифни тасдиқламаса, у аукцион ғолиби ҳисобланади. Нархи тушиб бориш тартибидаги аукционда сотиб олиш таклифи бошланғич нархдан 2 фоиз туширилган нарх билан бошланади. Иштирокчилар 20 дақиқа ичида таклифни тасдиқлаши керак, шу вақт ичида ҳеч ким кейинги таклифни тасдиқламаса, у аукцион ғолиби ҳисобланади.
Хуллас, марказда шундай тизим жорий этилганки, мол-мулкни уйдан чиқмасдан туриб сотиш ва сотиб олиш мумкин.
Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг