Уйғоқ қалбли юртдошларимиз учун яна бир минбар
Янги йилнинг илк кунида “Жадид” газетасининг биринчи сони чоп этилди.
Президентимиз 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фондлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг “Жадид” номли янги газета ва унинг электрон версиясини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди. ғоят қисқа фурсатда ушбу нашр халқимиз ва зиёлиларга янги йилнинг туҳфаси ўлароқ дунё юзини кўрди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган, Ватан истиқболи йўлида жон фидо қилган миллатимиз ойдинлари — жадид боболаримиз ҳаёти ҳамда фаолиятини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур.
Ана шу эзгу мақсад йўлида бугун юртимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланяпти. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ва жамоат фонди, ҚатаҚон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳудудий бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Бухоро шаҳридаги тарихий масканда Жадидчилик тарихи музейи ташкил этиляпти.
Бу мураккаб давр тарихига оид илмий ва бадиий асарлар, кўп жилдли хотира китоблари нашр қилиняпти. Бадиий ва ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар тайёрланиб, намойиш этилаётир. Халқаро конференциялар, кўргазмалар ва давра суҳбатлари, хотира кечалари, семинарлар мунтазам ўтказилмоқда.
Атоқли маърифатпарварларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Уларнинг азиз номлари билан аталадиган ёдгорлик мажмуалари, таълим муассасалари, музейлар, боғ ва хиёбонлар барпо қилинмоқда. Мустабид тузум қатағонига учраган ватандошларимиз номи оқланяпти.
Президентимизнинг “Жадид” газетаси жамоаси ва муштарийларига йўллаган табригида таъкидланганидек, ўтмишда жадидчилик ҳаракати марказларидан бири сифатида шуҳрат қозонган Ватанимизда шу номда янги газетанинг фаолият бошлаётгани бу борадаги ишларимизнинг яна бир амалий натижаси, тарихий адолат тантанаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Нашрда Ўзбекистон халқ шоири, атоқли ижодкор Иқбол Мирзонинг “Муҳаррир минбари” рукни остидаги “Бирлашмоқ даври” сарлавҳали бош мақоласида мазкур янги нашрнинг мазмун-моҳияти, мақсад-муддаолари, йўналиши ўз ифодасини топган. Унда Президентимизнинг: “Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар”, деган сўзлари шунчаки тарихий маълумот эмас, балки биз учун жиддий чақириқ эканини ҳар биримиз теран англашимиз шарт”, деб ёзади муаллиф.
Бош муҳаррирнинг қайд этишича, “Жадид” газетаси ана шундай жасоратли зиёлилар учун асосий минбарга айланиши учун бел боғлаган ва бу борада барча жонкуяр, фидойи юртдошларимизни ижодий ҳамкорликка чорлайди.
Янги нашрнинг айнан ана шундай вазифани кўп йиллар адо этиб келган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси негизида ташкил этилганида нафақат рамзий, аввало, чуқур тарихий маъно, ворисийлик туйғуси бор. Шу маънода, икки жилға бирлашиб, катта бир дарёга айланади, деб ишонамиз.
Газета саҳифаларидан буюк маърифатпарвар боболаримизнинг миллатни ислоҳ этишга оид Қоялари, асарларидан намуналар, шунингдек, “Давр руҳи”, “Ойина”, “Жамият”, “Замон жадидлари”, “Таклиф”, “Мулоҳаза”, “Тамаддун”, “Боқий мерос”, “Фикр майдони” каби рукнлар остида таниқли адабиётшунослар, ёзувчилар, публицистлар, олимлар, тарихчиларнинг илмий-оммабоп мақолалари жой олди.
Нашр жадид боболаримизнинг “Тилда, фикрда, ишда бирлик!” деган қутлуғ сўзларини шиор қилиб олган. Бу ҳар бир юртдошимизни мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида эзгу мақсадлар рўёби йўлида жипслашишга, бир ёқадан бош чиқариб, бир мушт бўлиб олдинга интилишга чорлайди.
Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг