Уй-жойларга хизмат кўрсатишда янгича тажрибалар қўлланилади
Янги Ўзбекистон кўз ўнгимизда катта қурилишлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар майдонига айланди. Юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, шаҳар ва қишлоқларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилаётганига гувоҳ бўласиз. Хусусан, сўнгги уч йилда 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, кўп квартирали уй-жойлар сони 2 баробар ошгани ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Натижада кўп йиллардан буён ижарама-ижара яшаб, уй-жой олиш ниятида юрган минглаб одамларнинг орзу-истаклари рўёбга чиқди. Очиғини айтганда, агар бу эзгу ишлар Президентимиз бошчилигида ўз вақтида бошланмаганида эди, бугун бундай натижаларга эришиб бўлмас эди.
Албатта, бу жуда катта ютуқ. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Янги уйлар, замонавий массивлар кўпайиши ортидан уларга хизмат кўрсатишнинг долзарблиги ҳам ортиб бормоқда. Чунки бу бўйича ўтказилган сўровларда кўп қаватли уйларда яшовчи 35 фоиз аҳоли кўрсатилаётган хизматлардан норози экани, 65 фоизи ширкатлар ишини амалда сезмаётганини айтган.
Жорий йил 28 май куни Президентимиз раислигида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд муаммолар ечими юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилгани боиси ҳам шунда.
Йиғилишда таъкидланганидек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Жумладан, охирги 2 йилда соҳадаги юзга яқин мансабдор шахс коррупциявий жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилган. Шу боис, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилиниб, вилоят марказлари, шунингдек, Нукус, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида айрим мавзеларни тажриба тариқасида малакали бошқарув-сервис компанияларига бериш зарурлиги таъкидланди.
Албатта, шунинг ўзи билан масала ҳал этилмайди. Эндиликда ушбу компаниялар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш жорий қилиниб, хизмат кўрсатиши яхши бўлганларига объект сони кўпайтириб берилади. Барча бошқарув-сервис компанияларида 24 соат ишлайдиган буюртма бериш марказлари ташкил этилади. Бу эса рақобат асосида сифатни оширишга йўл очади.
Сир эмаски, кўп ҳолларда ширкатлардаги қарздорлик хизматлар нархидаги номутаносиблик туфайли келиб чиқади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун энди уй-жойларни сақлашнинг минимал хизматлари ва меъёрларини маҳаллий кенгашлар аҳоли билан келишган ҳолда тасдиқлаши жорий этилади. Бунда ҳудудий коммунал хизмат бошқармаси тариф параметрларини бандма-банд асослаб, қиладиган ишлари ва кўрсатадиган хизматлари бўйича режаларини тақдимот қилади.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, бундан буён ижтимоий реестрга кирган эҳтиёжманд оилаларга уй-жойларни сақлашга мажбурий тўловлар учун субсидия ажратилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига шу йил 1 октябрдан бошлаб мажбурий тўловларни биллинг тизимида амалга ошириш бўйича ягона электрон платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, янги қурилган кўп квартирали 3 мингта уйга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмагани боис, улар учун бошқарув компаниялари ташкил қилиш зарур. Инсоннинг яшаш шароити яхши, тайинли иш жойи, даромад манбаи бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, қурилишда коррупция омилларини йўқ қилиб, халқнинг пули назоратини кучайтириш масала ечимига қаратилган энг тўғри йўлдир.
Йиғилишда Осиё тараққиёт банкининг 50 миллион доллар кредити ҳисобидан аҳоли зич, уй-жойга талаб юқори бўлган туманларда камида 3 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши қайд этилди. Бу айни вақтда ижарада яшаб, «ватанли» бўлишни ният қилиб юрган кўплаб фуқароларнинг кўнглини тоғдай кўтариб юборди. Бунда ҳудудларни обод қилиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, жорий йилда 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳалладаги шароитларни яхшилаш учун 18 триллион сўм йўналтирилгани, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, ички йўллар қуриш ва таъмирлашга яна 300 миллион доллар ажратилгани айтиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари бошчилигида ушбу йўналишдаги муаммоларнинг самарали ечимини топиш, аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашга катта маблағлар ажратиляпти. Эндиликда мана шу маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатилиши лозим. Назорат кучли жойда эса ривожланиш, юксалиш бўлади, одамлар ҳаётдан рози яшайди.
Абдулла Рўзметов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг