Уй-жой қурилишидаги муаммолар сабаб 24,4 млрд сўм маблағ истеъмолчиларга қайтариб берилди

15:16 08 Апрель 2026 Жамият
257 0

Иллюстратив фото

Кўп квартирали уй-жой қурилиши борасидаги мурожаатлар ўрганилиб, 24,4 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақида Рақобат қўмитаси маълумот берди.

Билдирилишича, қўмитага кўп квартирали уй-жойларни қурилиши билан боғлиқ муаммолар бўйича 2025 йил ва 2026 йил январь февраль ойларида жами 2 057 та мурожаат келиб тушган. Хусусан, ўтган 2025 йил давомида 1 700 дан ортиқ мурожаат юборилган.

Мазкур мурожаатлар ўрганилиб, уларда қуйидаги муаммолар аниқланган:

  • 708 тасида (33,8 фоиз) қурувчи корхоналар томонидан кўп қаватли уйда қурилиш ишлари сифатсиз ўтказилган;
  • 693 тасида (33,1 фоиз) уй жойлар шартномада белгиланган муддатида топширилмаган;
  • 278 тасида (13,5 фоиз) кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинган;
  • 27 тасида (1,3 фоиз) қурилиш билан боғлиқ бошқа масалаларга тааллуқлидир.

Шунингдек, жорий йилнинг январь февраль ойларида кўп квартирали хонадонларни харид қилиш борасида 350 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда ҳам фуқаролар юқоридагидек ҳолатларга дуч келганликларини билдирган.

Масалан, Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Ф. Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш мақсадида шартнома тузган ва унга кўра жами 1,4 млрд сўмга яқин маблағ тўлаган. Аммо «С. Р.» МЧЖ (Қурувчи) хонадонни белгиланган муддатда топширмаган. Бундан ташқари, қурилиш сифатсиз бажарилган.

Истеъмолчининг Рақобат қўмитасига қилган мазкур мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилиб, натижада фуқарога хонадон учун тўланган маблағлари тўлиқ қайтариб берилиши таъминланган.

Маълум қилинишича, Рақобат қўмитаси томонидан 2025 йил ва 2026 йилнинг январь февраль ойларида жами мурожаатларнинг 1 529 таси ёки 74,3 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида қарийб 24,4 млрд сўм истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер