Уганда бош қўмондони Туркиядан 1 миллиард доллар ва энг гўзал аёлни талаб қилди
Уганда Қуролли Кучлари қўмондони Мухузи Кайнеругаба Кампала ва Анқара ўртасидаги муносабатлар ёмонлашмаслиги учун Туркиядан 1 миллиард доллар ҳамда мамлакатнинг энг гўзал аёлини хотинликка беришни талаб қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
«Агар муаммоларимиз ҳал этилмаса, биз кейинги 30 кун ичида Туркия билан барча дипломатик алоқаларни узамиз. Биз музокаралар бошланишидан олдин Туркиядан зудлик билан 1 миллиард доллар тақдим этишини талаб қиламиз», — деб ёзди Кайнеругаба Х ижтимоий тармоғида.
Мухузи Кайнеругаба ўз талабига яна бир банд қўшиб, Туркиянинг энг гўзал аёлини хотинликка беришни сўраган. Кейинчалик у ушбу хабарни ўчириб ташлаган.

Бошқа бир ўчирилган хабарида Кайнеругаба Туркиядан талаб қилинаётган маблағлар Сомалидаги вазиятни барқарорлаштиришдаги иштироки учун «хавфсизлик дивиденти» бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган.
Мухузи Кайнеругаба Туркияни Сомалидаги инфратузилма шартномаларидан, шунингдек, Африка давлати пойтахтидаги портлар ва аэропортлар ишидан фойда олаётганликда айблади. Уганда Африка Иттифоқи миссиялари доирасида Сомалида «Аш-Шабаб» радикал исломий гуруҳи жангариларига қарши кураш олиб боради.
Кайнеругаба агар талаблар бажарилмаса, Уганда Turkish Airlines авиакомпаниясига ўз ҳаво ҳудудида парвоз қилишни тақиқлаши ҳақида огоҳлантирган.
РБК маълумотларига кўра, бу Кайнеругаба томонидан таклиф этилган биринчи шов-шувли келишув эмас. 2022 йилда у Италия Бош вазири Жоржя Мелонининг қўлини сўраб, эвазига «ер юзидаги энг гўзал сигирлар» деб атаган Анколе зотли 100 та сигир таклиф қилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг