Учрашгунча хайр, Бухоро!
Фото: Халқ сўзи
Қадимий шаҳарда Халқаро зардўзлик
ва заргарлик фестивали якунланди
Сўнгги кунларда Бухоро шаҳрида байрам шукуҳи ҳукмрон бўлди. Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали республика ёш ижрочиларининг «Шашмақом» фестивалига, шунингдек, санъаткор Фаттоҳхон Мамадалиевнинг ёрқин хотирасига бағишланган концерт дастурига уланиб кетди. 24 май оқшомида эса не-не тарихий воқеаларнинг тилсиз гувоҳи бўлган қадимий Арк қўрғони олдидаги майдон минглаб одамларни ўз бағрига чорлади. Бу ерда Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ёпилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мазкур маросим ҳақида тўхталишдан аввал давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 апрелидаги тегишли қарорига мувофиқ ўтказилган фестиваль тадбирлари ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз. Дастурга мувофиқ, дунёнинг элликдан зиёд давлатидан ташриф буюрган ҳунармандлар, санъатшунослар, тарихчилар, экспертлар ва юқори мартабали меҳмонлар ҳамда республикамиз вилоятларидан келган халқ амалий санъати усталари, фольклор дасталари жамоалари учун барча шарт – шароитлар яратилди. Арк қалъасидан то Пойи Калон мажмуасига қадар бўлган ҳудудда ҳунармандларнинг кўргазма-савдо ярмаркалари ташкил этилди. Бутунжаҳон Ҳунармандлар кенгаши (WCC) йиғилиши, «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик, каштадўзлик санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция, «Каштадўзлик, миллий қадрият — мозийга назар» номли кўргазма, ҳунармандларнинг маҳорат сабоқлари, “Bukhara fashion days 2022» модалар намойиши, зардўзлик мажмуасининг очилиши, халқ сайиллари - буларнинг барчаси фестиваль қатнашчилари ва сайёҳлар учун унутилмас лаҳзаларни ҳадя этди.

Ўз навбатида иштирокчиларнинг таассуротлари билан қизиқдик. Зеро, улар қаторида Африкадаги Мали давлатидан тортиб океан орти - Бразилиядан ташриф буюрган меҳмонларни ҳам учратиш мумкин эди.
— Бухорога биринчи бор келишим, — дейди венгриялик зардўз София Тоткуруши. — Фестивалга таклиф қилишганидан жуда хурсандман. Маҳаллий зардўзларнинг иш услуби, маҳсулотлари билан танишдим. Ўзаро тажриба алмашдик. Зардўзлик буюмларимизда ўхшаш жиҳатларни ҳис этдим. Бу ерга келганимга атиги тўрт – беш кун бўлди. Шунга қарамай, Бухорони, унинг меҳмондўст одамларини яхши кўриб қолдим.

— Заргарман, — дейди таиландлик Напапат Сетбубра. — Зардўзлик, заргарлик, каштадўзлик бу ерда жуда ривожланган экан. Ўзбекистонлик ҳунармандларга ҳавасим келди. Чунки улар учун мавзу излаш муаммо эмас. Мана бу қадимий обидалардаги нақшларнинг ўзи улар учун тайёр мавзу. Айтмоқчи, қашқадарёлик Жонибек исмли ҳамкасбим билан бирга маҳорат сабоқлари ўтадик. Имконият туғилгудек бўлса, бу фестивалга яна келаман.

— Бухоро кутганимдан ҳам гўзал шаҳар экан, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Мали давлатидан келган заргар Муҳаммад Ал-Мавлуд. — Заргарликка бағишланган фестиваллар дунёда кам ўтказилади. Шу боисдан ҳам мен мамлакатингиз раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган бу анжуманни маданият ва санъат байрами дея юксак қадрлайман. У жуда юқори савияда ташкил этилган. Дарвоқе, Бухоронинг бой ўтмишидан хабардорман. Унинг маданият ва маърифат пойтахти, деган таърифга муносиблигини ўз кўзим билан кўрдим. Насиб қилса, бу гал шаҳрингизга оилам аъзолари билан келаман. Бинобарин, олис йўлга отланар эканман, «Учрашгунча хайр, Бухоро!» деб қоламан.

Бу илиқ фикрлар ҳар икки йилда бир бор ўтказилиши кўзда тутилган халқаро фестиваль барчанинг кўнглидан жой олиб улгургани нишонаси, албатта. Самарқандлик таниқли зардўз Шавкатжон Зоҳидовнинг қуйидаги мулоҳазалари ҳам фикримизни тасдиқлайди.
— Мен дунёнинг кўплаб давлатларида ўтказилган фестиваль ва кўргазмаларда қатнашганман, — дейди Ш. Зоҳидов. — Аммо Бухородаги каби табиий, файзли, дўстона руҳда ўтган фестивални кўрган эмасман.Шундай ажойиб анжуманни ташкил этиб, биз, ҳунармандлар меҳнатини қадрлаётган, ҳунар аҳлига ҳурмат-эҳтиром кўрсатаётган давлатимизга, халқимизга раҳмат дейман. Биз бу ишончни ҳалол меҳнатимиз билан оқлаймиз.

— Агар игна билан зар ип юрагида иштиёқи бўлган киши қўлига тушса, мўъжизавий асарлар дунёга келади, — дея суҳбатга қўшилади Бухоро туманидаги Чорбакр қишлоғида яшовчи Ҳабиба Баҳронова. — 50 йилдан буён қўл меҳнати билан шуғулланаман. Давлатимиз, Президентимизнинг ўзи бизга хайрихоҳ, ғамхўр. Шундай экан, бу ҳунар этагидан маҳкам тутишингиз керак, деб келиним Шоирахоннинг қулоғига қуйдим. Барака топсин, ишга жиддий киришди. Оилавий корхона очдик. Ўн кишини иш билан таъминладик. Фестивалда муносиб иштирок этдик. Энг яхши ютуқларимиз ҳали олдинда.

Ҳунармандлар билан суҳбатимиз охирига етар-етмас Арк қўрғони олдидаги шибирға сирғани эслатувчи саҳнада карнай-сурнай садоси янграб, барча-барчани халқаро фестивалнинг якун топгани муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимга чорлади. Бу тадбир ҳам ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши президенти Саад-ал Каддуми томонидан Бухоро шаҳрига «Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилгани ҳақидаги сертификат топширилди. Бу кўҳна кентнинг халқ амалий санъати усталарига хорижий фестиваллар ва кўргазмаларда қатнашиш, ўз маҳсулотларини сотиш, фаолиятларини кенгайтириш борасида янги имкониятлар эшигини очади.

Маросимдаги яна бир диққатга лаҳзалардан бири кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарсларининг 12 номинация бўйича баҳолангани бўлди. Етти кишидан иборат таркибдаги халқаро ҳайъат аъзолари хулосасига кўра, энг яхши деб топилган заргарлик, зардўзлик ташкилотлари, заргар ва зардўз, ҳар иккала йўналиш мактаблари устаси, сулола давомчиси ва бошқа номинациялар ғолибларига махсус диплом ва пул мукофотлари тантанали тарзда топширилди.

Таниқли санъаткорлар, эстрада ва замонавий қўшиқлар ижрочилари иштирокидаги гала-концерт илк бор ўтказилган ушбу халқаро фестивалга байрамона руҳ бағишлади.
Тантанали маросимда Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов ва Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев сўзга чиқди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг