Учқўрғондаги махсус мактаб-интернати – янги қиёфада
Фото: Халқ сўзи
Айни кунда Наманган вилоятида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган ўндан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 8 та махсус мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга касб-ҳунар ўргатиш, таълим бериш, бандликни таъминлаш чора-тадбирларига эътибор қаратилаётир.
Жумладан, бир муддат илгари Косонсойдаги 45-«Нурли маскан» интернат–мактабига бир миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган, таълим муассасасига Германияда ишлаб чиқарилган “Everest –DV 4» русумли Брайлер алифбосидаги китоб ва тарқатма материалларни чоп этишга мўлжалланган кичик босмахона ускуналари келтирилган эди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги арафасида Учқўрғон туманидаги 46-махсус мактаб-интернат ўқувчилари ҳам қурувчилардан таъмирдан чиқарилган замонавий ўқув ва ёрдамчи биноларни қабул қилиб олдилар.

Имконияти чекланган болалар таълимига ихтисослашган ушбу махсус мактаб-интернатнинг 300 ўқувчига мўлжалланган ўқув биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолганди. Боз устига бинонинг юкламаси анчагина баланд бўлиб, дарсдан ташқари тўгарак машғулотларини ташкил этишга деярли шароит йўқ эди. Бундан етти ой аввал таълим муассасасида хайрли ўзгаришларни амалга оширишга киришилди. Бунёдкорлик ишларига 14,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, асосий бино, 250 ўринга мўлжалланган ётоқхона қайта таъмирдан чиқарилди. Қўшимча равишда ошхона, футбол майдони ва спорт зали қурилди.
— Буларнинг барчаси эшитиш ва сўзлаш қобилияти чекланган ўқувчиларнинг соғлом тенгдошларидан кам бўлмаган шароитда таҳсил олиши йўлидаги имкониятларни янада кенгайтиради, - дейди муассаса директори Бахтиёр Алиматов. — Қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшимча равишда барча хоналар янги парта ва стуллар, компьютер жамланмалари, лаборатория ускуналари билан таъминлангани нур устига нур бўлди. Айниқса, «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан 260 нафар ўқувчимизга махсус эшитиш мосламалари тақдим этилганидан болаларнинг қувончи чексиз.

Бугун «Боғкўча» маҳалласида жойлашган ушбу махсус мактаб-интернатнинг кўркам қиёфага кирган биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари юртимизда инсон қадрини улуғлаш йўлидаги кенг қамровли ишлар, хусусан, аҳолининг жисмоний имконияти чекланган қатламига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан мамнуният изҳор қилдилар.
Тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг