Учқўрғонда сомондан қоғоз тайёрланмоқда
Наманган вилояти Учқўрғон туманида хорижий технологияни жорий этиш ҳисобига шундай ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Истиқлол” маҳалласидаги бўш турган тадбиркорлик субъекти негизида ташкил этилган корхонада сомондан халқ хўжалигининг турли соҳаларида фойдаланиладиган ўров қоғозлари тайёрланмоқда.
Умумий қиймати 1,8 миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳа “Uzbek China paper” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Айни пайтда бу ерда яратилган 40 нафарга яқин иш ўрнида маҳаллий ёшлар меҳнат қилишяпти. Дастлабки маҳсулот туркуми – 40 тонна қоғоз буюртмачиларга жўнатилди. Айтиш керакки, қувватлар тўла ўзлаштирилиши билан корхона йилига 1,5 минг тоннадан зиёд маҳсулот тайёрлай олади.

— Бу лойиҳамизнинг биринчи босқичи, кейинги навбатда юқори сифатли ёзув қоғозлари ишлаб чиқариш режалаштирилган, — дейди МЧЖ раҳбари Зокиржон Баҳромов. – Шу мақсадда хитойлик ҳамкорлардан қўшимча технологияни олиб келиш ҳаракатидамиз.
Қаловини топса қор ҳам ёнади. Кечагина фақатгина қорамолга озуқа бўлган сомон энди импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлашга йўналтирилди. Изланса бўларкан-ку!
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг