Учқўрғонда қуввати 18 мегаваттга тенг бўлган янги ГЭСлар каскади қурилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Қудратилла Нажмиддинов/“Халқ сўзи”. Наманган вилояти Учқўрғон туманида фаолият кўрсатаётган ГЭСлар каскадининг умумий қуввати 12 мегаватт бўлиб, 48 мингта хонадонни узлуксиз электр энергия билан таъминлаб келаётган эди. Эндиликда Катта Андижон каналида ҳам қуввати аввалгидан икки ҳисса кучли учта гидроэлектростанция қурилмоқда.
Лойиҳа қиймати 60 миллион АҚШ доллари бўлган навбатдаги ГЭСлар каскадининг умумий қуввати 18 мегаваттга тенг. Бу қарийб яна 65-70 минг хонадонни электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондиради, дегани.
— Иш бошлаганимизга уч ойдан ошди, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти Капитал бошқармаси бош мутахассиси Камрон Абдураҳимов. — Ҳозирги кунда объектга жалб этилган 130 та техника воситаси ва 450 нафардан зиёд ишчи кучлари ёрдамида жадал ҳаракат қилиниб, затворларни ўрнатиш, акведук, иккита дюкер ва сув ташлаш иншооти қурилмоқда.
Айтиш лозимки, каскаднинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати лойиҳа бўйича 56,4 миллион соат, деб белгиланган бўлиб, бу, ўз навбатида 8,2 миллион кубометр табиий газни тежаш имконини беради. Қўшимча равишда 800 та янги иш ўрини яратилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг