Учкўприкдаги ипакчилар маҳалласида 100 хилга яқин арқон ва ип маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда

13:54 18 Февраль 2026 Жамият
293 0

Айни пайтда Учкўприк туманидаги 51 та МФЙнинг 30 дан ортиғи “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослашган бўлиб, унга кўра ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ривожланиш драйверлари ишлаб чиқилган.

Хусусан, 10 та МФЙ кўчатчилик, 4 та МФЙ лимончилик, 6 та МФЙ эса трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича туманда етакчи маҳаллалар сирасига киради. “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли эса авлоддан авлодга ўтиб келаётган ўзига хос ҳунармандчилик билан шуғулланади.

Бугунги кунда маҳалладаги 700 дан зиёд хонадоннинг 350 га яқинида касаначилик ва ҳунармандчилик асосида арқон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шу боис ушбу ҳунар ва тадбиркорлик бешкапаликлар учун барқарор даромад манбаига айланиб улгургани эътиборга молик.

Таъкидлаш жоизки, анъанавий ҳунармандчилик йўналишида қўл меҳнати билан бошланган мазкур фаолият сўнгги йилларда замонавий мезонлар асосида ривожланди. Натижада ҳудудда оилавий тадбиркорлар ташаббуси билан кичик саноат корхоналари сафи кенгайиб бормоқда. Айни жараёнда Хитойдан келтирилган замонавий дастгоҳлар ёрдамида иш унумдорлиги ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли даражада ортишига эришилди. Ҳозирда арқон маҳсулотлари ишлаб чиқараётган хонадонларнинг ўртача ойлик даромади 10-15 миллион сўмни ташкил этади.

Шу тарзда маҳаллада 100 хилга яқин арқон ва ип маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, юртимиз бозорлари, шу билан бирга қўшни давлатлар Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Россияга экспорт қилинмоқда.

—Ота-боболардан мерос ҳунарни янгича ёндашувлар бўйича ривожлантириб, хонадонимизда кичик ишлаб чиқариш цехини барпо этганмиз,—дейди маҳалладаги етакчи тадбиркорлардан бири Абдухалил Ражаббоев.—Оила аъзоларимиз билан бирга меҳнат қилиб, ҳар куни ўртача 2 минг метр атрофида арқон тўқиймиз ва буюртма асосида харидорларга етказиб берамиз.

Бу фаолият орқали бир ойда 30 миллион сўмгача даромад топамиз. Яқин истиқболда фаолият кўлами ва даромад салмоғини ошириш учун Хитой, Туркия тажрибаси асосида бу борада жаҳон бозори талабларига мос тайёр ҳамда ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер