Туртки

12:15 12 Февраль 2021 Жамият
1301 0

Барчанинг хабари бор, ўтган куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган машварат бўлиб ўтди. Унда муҳокама қилинган масалаларнинг Ватан равнақи, миллат камолотига қўшадиган ҳиссаси қанчалар салмоқли бўлажаги ҳали жуда кўп ўрганилади. Бу борада фикр юритиш, тафаккур қилиш алоҳида, чуқур мавзу.

Айни чоғда мен йиғилиш жараёнида давлат раҳбари бир неча марта такрорлаган биттагина — «туртки» деган сўз ва ундан олган таассурот ҳамда хулосаларимни сиз билан ўртоқлашгим келди.

Одам зотининг, бошқаларнику қўяверинг, баъзан, ҳатто ўзини ҳам тушунолмай қоладиган феъли бор. Бўл­маса, мазкур мажлисда ­Президент томонидан неча минг-минглаб сўзлар айтилди, қанча мақоллар, ҳикматлар, образли иборалар жаранг­лади. Мени эса, нима учундир мана шу «туртки» ўйлатиб қўйди. Президент лафзида бу ибора гоҳ дард, гоҳида ­даъват бўлиб янграгани учунми, болалигим, ўқиган, эшитганларим эсга тушди.

...Ёшлигимизда сомон янчардик. Бу юмушни айни саратонда — қуёш тос тепангда тандирдай қиздириб турган толтушь ­пайтлари бажармасанг, сомон эшаклар туёғи остида бовлиқдай эшилиб ётаверарди. Биз тўрт-беш эшакни бўйнидан бир-бирига мотаб, пешонадан шовуллаб оқувчи шўр терга кўмилган кўйи, эшакларни халалаб хўп янчарканмиз, иссиқ элитганда мудраб, яланғоч ҳайвон устида қал­қиб-қалқиб кетган пайтларимиз бўларди. Шунда паншаха билан хирмон теварагига сочилган саворани туёқлар остига ҳимариб турган раҳматлик отамнинг ёнимдаги эшакка минволган акамга: «Ҳей, Абдували, укангни туртиб қўй, йўғасам, ҳозир ағнап кетади!» деган турткиси дарров эсимни жойига тушириб қўярди.

Шундай. Бир туртки мудраган одамни илкис сергаклантиради. Жилға йўлини тўсиб турган тошни олиб ташлаш ҳам туртки. Беморнинг жонини асраб қолган бир томчи сув замирида ҳам муқаддас ҳаётий туртки бор.

Мудроқ жамият ҳам битта турткига муҳтож бўлади гоҳида. Мозийда бунга мисоллар кўп. Ўзимиз ҳам узоқ йиллар уйқусираб юрганимизни энди тан оляпмиз. Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг Стратегияси Ўзбекистон учун ­уйғониш қўнғироғи — ҳаётий туртки бўлганини ҳам энди-энди тушуниб етяпмиз.

Шундай бўлсада, бу турткидан кейин ҳамма бараварига отларини елдириб кетган эмас. Тўғри, уйғонган заҳоти ёнидагиларни, таниш-билишларни, дўсту биродарларни ҳам туртиб, олдинга ундаган, қийинчиликларга, турли синовларга мардона кўкрагини тутганлар кўп бўлди. Лекин баъзилар мудроқ кўзларини очдию, эринчоқлик билан керишиб қўйиб яна кўрпасига бурканиб олди. Кимдир югуриб кетаётганларни бепарво кузатиб турди. Кимдир бир туртки билан иш битармиди, буям навбатдаги кампаниябозликдирда, деган ўйда совуган чойини ҳўплаб ўтираверди. Тушунмай, эътибор бермай, қизиқсинмай, пинагини бузмай, бир туки қилт этмаганлар ҳам бўлди. Чириган баргихазон тагида дунёдан ҳафсаласи пир бўлган кўлмаклар эса ором-ҳаловатини бузганлардан қаттиқ ранжиди. Калака-пичинг, масхара қилганлар учради... Учради, шу турткидан фойдаланиб, ўзларини ишчан, ватанпарвар, тадбиркор қилиб кўрсатиш орқали, чўнтакларини қаппайтириб олиш пайига тушган мунофиқлар ҳам. Лекин, минг афсуски, бундай кимсалар саҳнага чиқиш учун қош-кўзга ўсма-сурма қўйишнинг ўзи кифоя эмаслигини, бунинг учун уқувсиз актёр эмас, чинакам фидойи бўлмоқ кераклигини ҳали англамас эдилар. Шул боис жамият бундай ўйловдагиларни бирин-кетин сув бетидаги кўпик мисоли ­қирғоқларга чиқариб ташлади.

Аммо бугун шуниси аён бўлиб турибдики, ўша туртки Ўзбекистон деган юртда яшаётган юрагида армони, ғайрати, Ватанию миллатига муҳаббати бўлган кишиларнинг ҳаммасини қўзғатиб, тўлқинлантириб юборди. Бутун аҳли олам кўриб турган бу мислсиз эврилишлар, назаримда, ортиқча таърифлашга муҳтож эмас...

Яна машваратга қайтаман.

Соғлиқни сақлаш вазири тизимда бўлаётган изланишлар тўғрисида гапираётиб, Намангандаги хайрли ишларга тўхталганда, давлат ­раҳбари хурсанд бўлганидан: «Шифокорларга Худойим ­инсоф бергани рост бўлсин!» дея суюниб кетди. Сўнгра, Самарқандда ҳоким бўлган вақтида, ­Иштихон туманидаги вазият ҳам соғлиқни сақлашдаги каби оғир бўлгани, уларни ҳаракатга келтириш қийин кечгани ва ҳатто, Иштихон ҳақида шеър ёздирганини эслади. «Бу ерда ­Хайриддин Султонов иштирок этяпти, сиз ҳам шифокорларга худойим инсоф бергани чин бўлсин, деган шеър ёзинг», деди мийиғида кулиб. Ярим­ҳазил, яримчин тарзида айтилган бу сўзлар замирида, назаримда, нафақат соғлиқни сақлаш ходимлари, балки барча қалам аҳлини ҳам шижоатга ундовчи туртки — даъват мужассам.

Ҳаммага аён, тиббиётимизда мислсиз янгиланишлар содир бўлди. Энг замонавий асбоб-ускуналар олиб келинди, ўнлаб янги поликлиникалар, оилавий саломатлик марказлари, санаторийлар қурилди, ходимларнинг ойлик маоши оширилди. Аммо соҳада камчиликлар ҳали оз эмас. Энг ёмони — таниш-билишчилик, қўполлик, тамагирлик, саводсизлик, порахўрлик давом этяпти. Албатта, узоқ йиллик чириган илдизларни тупроқ остидан топиб, кесиб ташлаш осон эмас. Томирдаги лойқа қон бир-икки осма укол билан тоза бўлиб қолмагани сингари, бундай касалликни ҳам бир кун ёки бир йилда даволаш амримаҳол.

Энди Президентнинг шеър ёзишга доир топшириғи ҳақида.

Аввалдан айтаман, бу ўринда гап яқинда юздан зиёд ёзувчиларга янги уйлар берилгани, жаҳонда муқобили бўлмаган Адиблар хиёбони барпо этилгани ёхуд ардоқли адиблар номида ижод мактаблари ташкил этилгани ҳақидагина эмас, балки жамиятнинг очилгани, сўз эркинлиги таъминланаётгани тўғрисида эди. Ахир кечагина билиб-билмай айтган бир калима сўзи учун йиллаб на телевизор, на газета-журнал остонасига йўлатилмаган ижодкорларни кўрдикку! Ҳозиргидек дориламон кунларда қаламкашнинг сўзи худди тунги машъала каби ловуллаб турмоғи зарур. Унинг ёзганлари юракларга жўшқин руҳ, эртанги кунга ишонч, Ватанга муҳаббат туйғуларини тўлқинлантирмоғи керак. ­Халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов бекорга: «Темур тиғи етмаган жойни, қалам билан олди Алишер» демаган! Президент ёзувчиларнинг фаол бўлишини астойдил истаётганининг бир жилоси эди бу. Сизу бизни миллат руҳини мавжлантирувчи асарлар яратишга ундаш!

Мажлисда кадрлар муаммосига алоҳида тўхталинди.

«Яқинда Наманганга бораман, — деди ­Президент. — Сўров қаттиқ бўлади. Аравани тортмайдиганларнинг баҳридан ўтишга мажбур бўламан». Бу гапларни айтаётганда, овозида қанчалар армон ва азоб силқиб турганини сезмаслик мумкин эмас эди. Ахир битта ниҳолни ўстириш қанчалар қийин. Битта раҳбарни вояга етказишчи?! Бир йилмас, бир ойнинг ичида Когонда тўртта раҳбар — ҳокими бош, Фарғона шаҳрида тўртта раҳбар — ҳокими бош, олиб ташланди. Ва, яна бир нечта туман ҳокимлари, вилоят ҳокими, вазир вазифасидан озод қилинди. Буларнинг ҳар бирига қанчадан-қанча меҳнати, меҳри сингган экан давлат раҳбарининг! Осонми, ўз фарзандингдай, укангдай бўлган шогирдларингга қаттиқ гап айтмоқ. Ўз ярангга туз сепиш билан баробар эмасми? Бироқ одамларни туртсин, уйғотсин, ортидан эргаштирсин деганингнинг ўзики, турткига муҳтож бўлса, туртиб уйғотсанг ҳам кўзини очмаса, ғафлат чангалидан қутулмаса, қандай чидаш мумкин? Ахир бу томонда бутун бошли мамлакат, халқ, бутун дунё кузатиб турган бўлса! Қолаверса, озми, «ўзларини Амир Темур, Мирзо Бобур, ­Мангуберди авлодларимиз деб мақтаниб юрганларнинг чопишлари қаергача борар экан», деган илинжда хатомизни кутиб турганлар? Океан ёки чўлу биёбонлар ортидамас, шундоқ ичимиздаям, афсуски, топилади бундай ичиқоралар.

Мудрамасин, катта очинг кўзингизни,

Ўт-оловга айлантиринг сўзингизни.

Дўсту ёру қариндошни туртинг ҳар кун,

Ва ҳар куни туртиб туринг ўзингизни!

Абдусаид КЎЧИМОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер