Туркманистон – Ўзбекистон чегараси 1 мартгача очилмайди
Фото: Azathabar.com
Коронавирус инфекцияси эпидемияси туфайли Туркманистоннинг қўшни Ўзбекистон билан чегарасида жойлашган “Шовот” ва “Фороб” назорат ўтказиш пунктлари ёпиқлигича қолмоқда. Бу ҳақда Turkmen news хабар берди.
30 январь куни президент Гурбангули Бердимуҳаммедов коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус кенгаш ўтказди. 31 январь куни эса Туркманистон қўшни Ўзбекистон билан чегарани ёпди.
Чегара 14 февраль куни очилиши керак эди. Аммо Дошўғиз вилоятининг божхона бошқармаси маълумотига кўра, “Шовот” назорат ўтказиш пункти камида 1 мартгача ёпиқлигича қолади.
Лебап вилоятининг божхона бошқармаси “Фороб” назорат ўтказиш пунктининг қачон очилиши ҳақида маълумотга эга эмаслиги ва бу масалада Миграция хизматига мурожаат қилишни тавсия этган.
Коронавирус эпидемияси бошланганидан бери, Туркманистон бир қанча фуқароларини, хусусан, талабалар, тадбиркорлар ва Хитойнинг CNPC компанияси ишчиларини Хитойдан эвакуация қилди. Улар Мудофаа вазирлигининг Лебап вилоятида жойлашган кўчма госпиталда карантинда сақланмоқда.
Turkmen news маълумотига кўра, февраль ойининг бошида кўчма госпиталда Хитойдан қайтган бир талаба вафот этган. Яна бир кишида касаллик аломатлари аниқланган. Бироқ Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мамлакатда эпидемиологик вазият назорат остида турибди ва юқумли касалликлардан вафот этганлар йўқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг