Туркиянинг шарқий ҳудудларида яна ер силкинишлари қайд этилди

16:48 06 Февраль 2023 Дунё
1210 0

Фото: Global Look Press

Туркиянинг шарқий ҳудудларида 7,6 магнитудали янги зилзила қайд этилди.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Қаҳрамонмараш вилоятида яна 7,6 магнитудали зилзила содир бўлган. Ерости силкинишлари Газиантеп, Диярбакир, Шанлиурфа ва Анқарада ҳам сезилган.

Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази Туркиянинг шарқий ҳудудларида 4,2 магнитудали, шунингдек, 12 дақиқалик фарқ билан Туркиянинг марказий қисмида 6 ва 7,7 магнитудали янги зилзилалар ҳақида маълум қилди.

“Sana” ахборот агентлиги, Дамашқ, Латакия ва Суриянинг бошқа вилоятларида янги силкинишлар сезилаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Шу йилнинг 6 февраль куни эрталаб Туркияда 7,7 магнитудали (баъзи манбаларда 7,4 – тахминан) зилзила содир бўлди. Зилзила эпимаркази Қаҳрамонмарашнинг Пазарджик туманида жойлашган. Ерости силкинишлари Адана, Анқара, Анталия, Кайсери, Мерсин, Трабзон ва Урфада ҳам сезилган. Мамлакатда зилзила туфайли энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг сўзларига кўра, табиий офат оқибатида 912 киши ҳалок бўлган, 5385 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Кучли зилзила содир бўлганидан кейин 45 дан ортиқ давлат ёрдам таклиф қилган.

«НАТО ва Европа Иттифоқи билан бир қаторда 45 давлатдан ёрдам таклифи олдик», деди Эрдоған.

Режеп Таййип Эрдоғаннинг  қўшимча қилишича, мамлакат жануби-шарқидаги зилзила 1939 йилдан буён энг кучли зилзила бўлганини, унинг магнитудаси 7,7 ни ташкил этганини айтди. Ҳозирда жабрланган ҳудудларда тўққиз мингдан ортиқ киши қутқарув ишларида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республкаси Президенти матбуот котибининг маълум қилишича, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Туркияда рўй берган кучли зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчилари жўнатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер