Туркиядаги ўзбекистонликлар ҳушёрликка чақирилди
Фото: Getty Images
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ватандошларни жамоат жойларида ҳушёр бўлишга чақирди.
Қайд этилишича, Бош консулхона ходимлари ва Туркия ИИВ Полиция ташкилоти вакиллари ўртасида маслаҳатлашув ўтказилган. Унда 23 октябрь куни Анқара шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми оқибатлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.
«Шу муносабат билан, ватандошларимиздан жамоат жойларида ҳушёрликни оширишлари ва эҳтиёт чораларини кўришлари, айниқса аэропорт, темир-йўл вокзали, автошоҳбекат, кемалар станцияларида, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари сўралади», дейилади хабарда.
Шунингдек, Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган фуқароларга аэропортларга қайддан ўтиш (регистрация) вақтидан камида 1 соат олдин етиб бориш, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларига хабар бериш тавсия этилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг