Туркияда юз берган зилзила қурбонлари сони 19 388 кишига етди. Сурияда ҳам вазият жуда ёмон
Фото: Reuters
Туркия ва Сурияда юз берган зилзила қурбонлар сони ортиб бормоқда.
Жумладан, Туркияда ер силкиниши оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 19 388 кишига етган. Бу ҳақда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған айтиб ўтди. Шунингдек, 77 минг нафардан ортиқ одам тан жароҳати олган.
Фавқулодда хизматлар қидирувни давом эттирмоқда. Хусусан, Туркиянинг Ҳатай вилоятида қутқарувчилар зилзиладан 90 соат ўтиб вайроналар остидан 10 ёшли қизчани олиб чиқиб кетишган.
Туркияда 6 февраль куни тонгда Қаҳраманмараш вилояти ҳудудида 7,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Маълум қилинишича, бу 1939 йилдан бери мамлакат ҳудудида юз берган энг кучли ер силкиниши ҳисобланади. Туркияда 12 февралга қадар бутун мамлакат бўйлаб мотам эълон қилинди.
Президент Башар Асад Суриядаги зилзиладан кейинги вазиятни ҳалокатли деб атади.
«Суриядаги вазият ҳалокатли, аммо бу мамлакат қилаётган ишлар унинг имкониятларидан ҳам каттароқ», дейди мамлакат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, мутахассислар зилзиладан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш ва одамларга ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солади. Ўз навбатида, Асад барча давлат захираларини ушбу ҳудудларга юборишга ваъда берди.
Сурия президенти, шунингдек, Ғарб зилзила фонида вазиятни сиёсийлаштираётганини таъкидлади.
«Гуманизмга келсак, у ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам йўқ эди», дейди Асад.
Башар Асад бугун Суриянинг энг йирик шаҳри Алеппога сафари чоғида маҳаллий шифохона ва қидирув-қутқарув тадбирлари олиб борилаётган жойда бўлди.
Аввал хабар берганимиздек, Туркияда 6 февраль куни 7,8 ва 7,7 магнитудали икки зилзила содир бўлди. Бу мамлакатда 1939 йилдан бери юз берган энг кучли ер силкиниши ҳисобланади. Табиий офат таъсири Суриянинг бир қанча минтақалари, шунингдек, Ливан, Ироқ ва Кипрда ҳам сезилди. Бу давлатлар ичида энг катта талафот Сурияда кузатилди. Бу ерда табиий офат туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 3 минг нафардан ошгани айтилмоқда. Шу муносабат билан БМТ гуманитар ёрдам жўнатиш учун Сурияга нисбатан санкцияларнинг бир қисмини бекор қилишга чақирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг