Туркий давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари Самарқандда

13:44 16 Август 2023 Сиёсат
2967 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва Туркий дунё тиббиёт конгресси бошланди.

Унда ташкилотга аъзо соғлиқни сақлаш вазирларидан ташқари Татаристон соғлиқни сақлаш вазири ҳам иштирок этмоқда.

Конгрессни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кириш сўзи билан очиб, бугунги тадбирнинг аҳамияти, мақсади ва эришилиши кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев сўзга чиқиб, меҳмонларни ушбу нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлади ва конгресс ишига омад тилади.

Конгрессда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқиб, бугунги тадбир Мавороуннаҳр заминида туғилиб-ўсган тиб илмининг султони, замонавий медицина асосчиси, буюк бобокалонимиз Абу Али Ибн Синонинг таваллуд кунида ўтказилаётганини таъкидлади.

Зеро, аллома аждодимиз анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби тиббиётнинг қатор йўналишлари бўйича илмларни ўз ихтиролари билан бойитди ва янги босқичга олиб чиқди.

Унинг минг йил аввал касалликларни аниқлаш, даволаш ва уларнинг олдини олиш бўйича берган кўрсатмалари бугун ҳам ўз аҳамияти, қадр-қиммати ва долзарблигини йўқотгани йўқ. Бунга бутун инсоният такрор-такрор гувоҳ бўлмоқда.

Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад туркий халқлар табобатининг ноёб мероси, бой тажрибаси ва тарихий анъаналарини ўрганиш баробарида, замонавий ва инновацион тиббиёт ютуқларидан биргаликда фойдаланиш ҳамда уларни кенг оммалаштиришдир.

Форумда Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев ҳам сўзга чиқиб, Туркий давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2023-йил Туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган Шуша шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

Шунингдек, тадбирда Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният, Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Тилек Мамадалиев ҳамда Татаристон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Марсел Миннуллин сўзга чиқиб, ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Конгресс давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер