Тупроқ унумдорлигини оширишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилган тупроқ-баҳолаш ва тупроқшуносликка оид тадқиқотлар натижасида суғориладиган ерларнинг қарийб 53,2 фоизи турли даражада шўрланган, геоботаник тадқиқотлар ўтказилган 5,7 млн. гектар яйловларнинг 10,8 фоизи турли даражада деградацияга учраган.
Қонун лойиҳасида тупроқни муҳофаза қилиш, ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлашда масъул вазирлик ва идоралар, айниқса фуқароларнинг ваколат ва ҳуқуқларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда юқорида айтиб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини аниқ мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишяпти. Депутатлар берган таклифлар асосида ундаги нормалар маромига етказилмоқда.
Хусусан, ерларни рекултивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалаларини ҳам қонунда белгилаш ишчи гуруҳ йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тупроқлар унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тоза тупроқда сифатли ва хавфсиз маҳсулот етиштиришга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг