Туман ҳокимлигидан товон пули ундирилди

13:34 03 Февраль 2023 Жамият
634 0

Фото: Халқ сўзи

Бозор ҳудудидаги ошхонаси бузилгач, Олот туманидаги «Асажам» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шавкат Болтаевнинг ҳаловати йўқолди. Товон пули тўланади, дейишганди. Тўланмади. Туман ҳокимлигига арзу дод қилиб борди. Мурожаати изсиз кетди.

Фалон миллион сўм турадиган мол-мулкидан бир лаҳзада ажралиб қолган инсонни тушуниш мумкин. Ахир бу маблағ унга осмондан тушган эмас. Мўъжазгина ошхона мисқоллаб йиғилган пул эвазига тикланган. Ана шундай ўйлар гирдобида қолган тадбиркор бошқармамизга мурожаат қилди.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 мартдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурига кўра, Олотда ҳам шу юмушларни бажариш кўзда тутилган. Олот туман ҳокимининг 2017 йил 7 апрелдаги қарорига асосан деҳқон бозоридаги фуқаро Шавкат Болтаевга тегишли ошхона биноси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Аммо компенсация тўлаб берилмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 41-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши кераклиги кўрсатилган.

Ўрганиш натижасидан келиб чиққан ҳолда бошқармамиз томонидан фуқаро Ш. Болтаевнинг манфаатини кўзлаб, Олот туман ҳокимлигига нисбатан буздирилган бино ва иншоот учун компенсация тўловларини ундириб бериш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Ваниҳоят, суднинг 2023 йил 9 январдаги тегишли ҳал қилув қарорига мувофиқ – салкам олти йиллик сарсонгарчиликдан сўнг – жавобгар Олот туман ҳокимлигидан Ш. Болтаев фойдасига 407 млн. 334 минг 379 сўм ундирилди.

Айтиш жоизки, бу Олотда тадбиркор ҳақ-ҳуқуқи бузилган ягона ҳолат эмас. Човдир ва Усмоншайх маҳаллаларида ички йўллар қурилиши ва кенгайтирилиши сабаб фуқаро Олим Маматовнинг савдо дўкони бузиб ташланган, мулкдор эса товон пули ололмай юрганди. Бошқармамиз аралашуви ва суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан О. Маматовга ҳам туман ҳокимлигидан компенсация ундирилди.

Жонибек ҚУВВАТОВ,

Бухоро вилоят адлия бошқармаси катта маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер