Травматология ва ортопедия соҳасидаги илғор даволаш усуллари ҳудудларда ҳам жорий этиляпти

10:46 25 Август 2023 Жамият
486 0

Ихтисослашган тиббий хизмат халққа янада яқинлашмоқда. Бир пайтлар илғор хорижий мамлакатлар, кейинчалик асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик операциялар, инновацион диагностика усуллари эндиликда ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиляпти.

Хусусан, ўтган қисқа даврда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида ҳам катта янгиланишлар юз берди.

Муассасада янги бўлимлар ташкил этилди. Вилоятларда сон суягининг туғма чиқиши, оёқлар деформациялари, суяк синишлари каби патологияларни эрта аниқлаш ва даволаш сифати юқори босқичга кўтарилди.

Натижада олис ва чекка ҳудудлардан узоқ йўл босиб пойтахтга келувчи беморлар мурожаатлари сони камайди.

Ўз навбатида, болалар ортопедияси ва болалар травматологияси бўлимлари бирлаштирилиши кичик ёшли беморлар саломатлигини тиклашда қўшимча қулайликлар яратди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон тиббий амалиётида ноёб йўналиш — қўл ва оёқ панжаси хирургияси бўлими ташкил этилди. Елка бўғими жароҳатлари ва касалликларини даволашда артроскопик технологияларни татбиқ этиш мақсадида иккинчи артроскопия бўлими фаолияти йўлга қўйилгани соҳада яна бир муҳим қадам бўлди. 

Реабилитация — жаҳон тиббиётида энг кўламдор йўналиш. Юртимизда эса бу соҳа энди шакллантириляпти. Жумладан, марказда ҳам алоҳида реабилитация бўлими очилиши беморларнинг тезроқ ва асоратсиз соғлом ҳаётга қайтишини таъминламоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Тиббиётдаги ислоҳотлар: янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” мавзусидаги давра суҳбатида шу каби ютуқлар эътироф этилди.

Якунда ислоҳотлар самарадорлигини ошириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер