Тожикистонда илк бор болаларни пневмококк инфекциясига қарши эмлаш бошланди
Иллюстратив фото
Тожикистонда бугун, 1 ноябрдан бошлаб мамлакатда биринчи марта болаларни пневмококк инфекциясига қарши эмлаш бошланди.
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, дастлаб икки ойлик болалар биринчи дозани қабул қилади.
Пневмококк инфекциясига қарши барқарор иммунитетни тўлиқ таъминлаш учун ҳар бир бола ушбу вакцинанинг уч дозасини олиши керак. Миллий эмлаш тақвимига кўра, болалар 2, 4 ва 12 ойликларида пневмококк касаллигига қарши эмланади.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ёш болалар ўртасида менингит, сепсис ва пневмониянинг оғир ҳолатларини камайтириш мақсадида Миллий эмлаш тақвимига пневмококкга қарши вакцинани киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Пневмококк инфекциялари менингит, сепсис ва пневмония каби оғир инвазив касалликлар, шунингдек, отит, синусит ва бронхит каби енгил касалликларнинг кўпайишига ёрдам беради.
Бугунги кунга қадар пневмококкга қарши вакцина дунёнинг 161 мамлакатида қўлланилмоқда. Тожикистон ушбу рўйхатда 162-давлатга айланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган 500 000 нафардан ортиқ болалар пневмококк касаллигидан вафот этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг