"Toyota" ишлаб чиқаришни 10 фоизга қисқартиради
Архив сурат
"Toyota Motor Corp." автомобиль ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлмоқда.
"Nikkei Asia" агентлигининг компания баёнотига таяниб маълум қилишича, май ойида "Toyota" конвейерларидан режалаштирилганидан 10 фоизга камроқ, яъни қарийб 700 000 дона автомобиллар чиқади.
"Toyota" ва унинг шўъба корхонаси "Lexus" Хитойда яна коронавирус инфекциясининг авж олиши ҳамда Украина атрофидаги вазият туфайли бутловчи қисмларнинг етишмаётганидан ана шундай қарорга келган.
Украина атрофидаги вазият бошқа ишлаб чиқарувчилар фаолиятига ҳам таъсир қилди. Масалан, март ойида Украина етказиб берадиган электр кабелларининг тақчиллиги боис Германиянинг "BMW" ва "Volkswagen" автомобилсозлик компаниялари Европадаги заводлари фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди.
Март ойи бошида "Toyota" Россияда автомобиль йиғиш, шунингдек, таъминотдаги муаммолар туфайли автомобиллар ва бутловчи қисмлар импортини тўхтатган эди. Аммо компания Россия бозорини тарк этиши ҳақида маълум қилмаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг