Тошкентдан Туркистонга мунтазам авиарейслар қўйилади
Ўзбекистон билан Қозоғистон авиация маъмуриятларининг 2021 йил май ойидаги келишувига мувофиқ икки давлат ўртасида янги мунтазам авиақатновлар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Икки мамлакат ўртасида янги мунтазам рейслар йўлга қўйилади, жумладан:
Самарқанд—Олмаота—Самарқанд йўналишида Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан ҳафтасига 2 маротабадан қатнов амалга оширилади;
Туркистон—Тошкент—Туркистон йўналишида Air Astana авиакомпанияси таркибига кирувчи Fly Arystan авиакомпанияси томонидан ҳафтасига 2 маротаба қатнов бажарилади.
Икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновлар тиклангандан буён санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилган ҳолда Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан Тошкент—Олмаота йўналишида ҳафтасига 7 маротабадан, Тошкент—Нур-Султон йўналишида эса ҳафтасига 3 маротабадан мунтазам йўловчи қатновлари бажарилмоқда.
Шунингдек, Uzbekistan Airways ва SCAT Airlines авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан Урганч—Ақтау–Урганч (ҳафтасига 2 марта) йўналишида ҳамда SCAT Airlines авиакомпанияси томонидан Ақтау—Нукус—Ақтау (ҳафтасига 1 марта) йўналишида мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг