Тошкентдаги Чорсу бозори ва Хивада миллий колоритга эга шарқ бозори ташкил этилади
Давлатимиз раҳбари билдирилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига:
— хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатган туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш ва уни қўллаш тартибини аниқ белгилаш;
— туризм компанияларига айланма маблағ учун экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш;
— туристларга мўлжалланган, янги ишлаб чиқарилган «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига тўғри келадиган автобус ва микроавтобусларни божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этиш муддатини узайтириш;
— сўнгги 3 йилда ташкил топган туркомпанияларга халқаро кўргазмалардаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизини қоплаб беришни йўлга қўйиш;
— халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон, юклар ва авиачипта харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф киритишни топширди.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган:
— мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патруль хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш;
— ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда «дуал таълим»ни жорий қилиш;
— 3-4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратиш;
— халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, мулоқотда тадбиркорлар томонидан билдирилган:
— хорижий давлатлардан келадиган пенсия ёшидаги сайёҳларнинг Ўзбекистонда олти ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш;
— камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кунлик бизнес тадбирни ташкил қилганларга тадбирдан олинган даромад солиғини 50 фоизга камайтириш, қўшилган қиймат солиғининг ярмини қайтариш тизимини жорий қилиш;
— Тошкентдаги Чорсу бозори ва Хивада миллий колоритга эга шарқ бозорини ташкил этиш;
— болалар оромгоҳларини хусусий шериклик асосида ривожлантириш каби фикрларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилди.
Ўз навбатида, Президентимиз соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилди. Бу ташаббус учрашувда иштирок этган туризм соҳаси вакиллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари ва режалари тингланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг