Тошкентда қоидабузарлиги билан фахрланишини айтган 10 суткага қамалди
Тошкент шаҳрида «Uzbelas Performance» тюнинг ательеси раҳбари Асадбек Жумаевнинг жорий йилнинг январь ойида йўл қоидабузарлигида айблангани, аммо бундан осонгина қутилиб қолгани билан фахрланишини айтган интервьюси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг мазкур видео-интервью Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани судининг 2026 йил 16 январдаги қарорига асосан А.Жумаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8,4 млн сўм жаримага тортилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, ҳолатга холис ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида кеча, 26 февраль куни Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, бугун, 27 февраль куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида А.Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг жарима солиш ҳақидаги қарори бекор қилинган.
Тошкент шаҳар судининг қарорига мувофиқ Асадбек Жумаевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг