Тошкентда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди (+видео)
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида фаолият юритган қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқариш ва ноқонуний савдо билан шуғулланган яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент туманидаги хонадонда ташкил этилган ноқонуний цех аниқланди. У ерда 1984 йилда туғилган шахс томонидан фаолият юритилиб, 49 номдаги 594 минг 127 дона қалбаки дори воситалари, жумладан «Фуцис», «Просульпин», «Урсосан», «Арбидол» каби дори воситалари тайёрланган.
Цехда дориларни тайёрлаш учун ишлатилган 50 та асбоб-ускуна, станок ва қолиплар, шунингдек, 168 кг ҳомашё, этикеткалар, йўриқномалар, бўш идишлар ва капсулалар ашёвий далил сифатида олинди. Сифат талабларига жавоб бермайдиган ушбу воситалар қўлбола усулда ишлаб чиқарилган. Қўшимча равишда, мазкур шахснинг Учтепа туманидаги хонадондан ҳам турли хил дорилар, ампулалар, суюқликлар ва бошқа доривор ашёлар топилди. Жами 28 минг 640 дона дори воситаси, 75 дона ампула, 18 минг 280 дона номсиз суппозиторийлар ва бошқа воситалар мусодара қилинди.
Терговгача текширувда, цех ташкилотчиси дорилар тайёрлаш учун керакли хомашёни интернет орқали номаълум шахслардан сотиб олгани маълум бўлди. Бутун жараён давомида ашёвий далил сифатида олинган дори воситалари ва ускуналарнинг умумий қиймати тахминан 10 миллиард сўмни ташкил этди. Мазкур қалбаки дорилар Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги дорихоналарга тарқатилган бўлиб, тезкор тадбирлар натижасида уларнинг савдосига чек қўйилди. Текширув натижасига кўра, Жиноят кодексининг 186¹³-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Шу билан бирга, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тадбирда, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1992 йилда туғилган шахс ва унинг ҳамтоғи, банк ходими бўлган 1996 йилда туғилган шахс, Хитойдан олиб келинган 574 минг 560 дона инфузион тиббий тизимларни 55 минг 700 АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга олинди. Бу тиббий буюмлар экспертизадан ўтказилиб, 1 миллиард сўмлик товар фойдаланишга яроқсиз экани ва мамлакатда сақлаш, ташиш, сотиш ҳамда тиббиётда қўллаш қатъиян тақиқлангани аниқланди.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186¹³-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолатлар фуқаролар саломатлигига хавф туғдирувчи қалбаки дори воситаларининг тарқалиши олдини олишда қонунбузарларга қарши қатъий чоралар кўрилаётганини кўрсатади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг