Тошкентда ўзганинг юкини Истанбулдан олиб келаётган йўловчи наркотик билан ушланди
Фото: Божхона қўмитаси
«Истанбул-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган ва божхонадан «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган йўловчи ўзи билмаган ҳолда синтетик гиёҳвандлик воситасини олиб ўтишга уринган вақтида фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум бўлишича, парвоз олдидан Туркияда нотаниш шахснинг сумкасини унинг илтимосига биноан 35 доллар эвазига Тошкентга олиб келган йўловчи ушбу сумкада нима борлигига қизиқиб ҳам кўрмаган.
Божхона кўриги давомида юклар орасидаги ерёнғоқ қадоқланган пакетда унга ўхшаш ҳажмдаги қизил рангли таблеткалар аралаштирилгани аниқланган. Ҳар бирига «Марвел» ёзуви туширилган мазкур таблеткалар сони 598 дона бўлиб, улар MDMA синтетик гиёҳвандлик воситаси экани фош бўлган.
Қайд этилишича, бу турдаги синтетик наркотик таблеткаларнинг қора бозордаги чакана нархи камида 15-20 минг долларни ташкил қилади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг