Тошкентда иситиш мавсуми расман якунланди
Тошкент шаҳрида 18 мартдан иситиш мавсуми якунланмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, белгиланган меъёрларга кўра, иситиш мавсуми ўртача суткалик ҳаво ҳарорати +8°C дан юқори бўлган 5 кунлик давр тугаган куннинг эртасидан бошлаб тугайди.
Гидрометеорология марказининг прогнозига кўра, яқин 5 кун ичида кундузги ҳаво ҳарорати +20−22°C, кечаси эса +10°C дан юқори бўлади. Сўнгги ҳафта давомида Тошкентда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +18−19°C ва ундан юқори, кечалари эса +8°C дан пастга тушмаяпти.
Қайд этилишича, айни пайтнинг ўзида ҳам пойтахтда ўртача суткалик ҳарорат +12−13°C дан ошган, бу иситиш мавсумини якунлаш учун белгиланган меъёрларга мос келади.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2024−2025 йиллардаги иситиш мавсуми расман 2025 йил 18 мартда якунланишини маълум қиламиз», дейилади ҳокимлик хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг