Тошкентда “Green Art” халқаро ландшафт санъати экофестивали бўлиб ўтади
2023 йилнинг 27-29 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Green Art” халқаро ландшафт санъати экофестивали бўлиб ўтади. Мақсад мамлакатимиздаги экология ва кўкаламзорлаштириш муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат. Фестиваль доирасида халқаро илмий анжуман, ёшлар форуми ва кўргазма ўтказилади.
Тадбир Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги кўмагида Ландшафт санъати уюшмаси томонидан ташкил этилади.
Фестивалдан кўзланган мақсадлар:
— идоравий ташкилотлар ходимларининг касбий, экологик саводхонлигини, малакасини ошириш;
— боғдорчилик жараёнига кенг жамоатчиликни жалб этиш;
— ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари орасида юқори малакали, ғоявий, ташаббускор мутахассисларни шакллантириш. Талабаларни барча жараёнларга фаол жалб этиш — лойиҳалаш, кўкаламзорлаштириш ва кўчатларни парвариш қилишдан тортиб, бошқа мамлакатларнинг ихтисослаштирилган университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
— Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасини кўчат материаллари билан таъминлаш учун янги кўчатзорлар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш;
— юқори сифатли экиш материалини шакллантиришнинг замонавий усулларидан фойдаланиш.
Кўргазма-савдода маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ва питомниклар ўз маҳсулотлари даражаси ва сифатини намойиш этиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади.
Ёшлар форуми доирасида Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари ва ёш мутахассислари таълим дастурида иштирок этиб, ўз лойиҳаларини яратадилар. Танлов натижаларига кўра энг яхши лойиҳалар танлаб олинади ва амалга оширилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг