“Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзалида йўловчилар учун янги қулайликлар яратилди (+фоторепортаж)

17:30 14 Апрель 2026 Жамият
76 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Темирйўл соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги 329 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ҳамда “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ томонидан темир йўл вокзалларида йўловчиларга қулайликлар яратиш, уларга сифатли сервис хизматлар кўрсатиш, тадбиркорлар фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 14 апрел куни, “Тошкент жанубий” темир йўл вокзалида йўлловчилар учун яратилган қулайликлар ва имкониятлар билан яқиндан таништириш мақсадида ОАВ ходимлари учун медиатур ташкил қилинди.

2017 йилда тубдан реконструкция қилинган “Тошкент жанубий” темир йўл вокзали мамлакатимизнинг энг катта вокзалларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу вокзалдан бир сутка мобайнида 19 та йўналишда 10 минг нафардан ортиқ йўловчи фойдаланмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

 

Жаҳон андозаларига мос юқори сервис хизмати кўрсатишга мўлжалланган VIP ва кутиш зали шинам, барча қулайликларга эга ҳамда телевизион ахборот воситалари билан жиҳозланган. Шунингдек, “Она ва бола” хонаси, электрон кутубхона, WiFi интернет хизмати, тиббиёт хонаси, қўл юки аравачаси, ногиронлар аравачаси, мобиль қурилмалар учун қувватлантириш манбаи, электрон маълумотлар таблоси, замонавий лифт йўловчилар хизматида. Иқлим мусаффолигини таъминлаб турадиган 14 метрлик иккита замонавий фаввора вокзалга ўзгача кўрк бағишлаб турибди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

“Тошкент-жанубий” вокзалида йўловчилар учун қуйидаги янги қулайликлар мавжуд:

  • Вокзалда йўловчиларни кузатиб келувчи ҳамроҳларига темир йўл вокзалининг перрон ҳудудигача бемалол ҳеч қандай ҳужжатларсиз кириш имконияти;
  • Вокзал ҳудудида қатор автотураргохлар ҳамда автомашиналар вокзалнинг кириш эшиги ҳудудигача ҳаракатлана олиши жорий этилди;
  • Технологик хизмат кўрсатиш: поездлар ҳақида тезкор маълумот берувчи электрон таблолари ва замонавий терминаллар сони кўпайтирилди.
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Вокзалда 100 нафарга яқин ишчи-хизматчи йўловчиларга хизмат кўрсатади. Ушбу вокзалдан Тошкент – Хива, Тошкент – Бухоро, Тошкент – Шовот, Тошкент – Андижон –Термиз, Тошкент – Қўнғирот, Тошкент – Термиз, Тошкент – Сариосиё, Андижон – Олот, Андижон – Тошкент – Урганч, Андижон – Хива каби маҳаллий йўналишларга қатновлар амалга оширилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Тошкент – Чиноркент, Тошкент – Ховос, Тошкент – Бекобод, Тошкент – Сирдарё, Тошкент – Гулистон йўналиши бўйича қатновчи шаҳарлараро поездлар ҳам ушбу вокзалдан қатнайди. Шунингдек, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вокзал орқали ўз манзилларига кетувчи йўловчиларни замонавий металл рамка ҳамда мавжуд бўлган қўл юкларини интраскоп аппаратлари орқали текширувдан ўтказиб, хавфсиз ҳудудга киришлари таъминланади.

Бугун ушбу вокзалда йўловчилар учун яна бир қулайлик яратилди. Вокзал ҳудудида “Qoʻnoq South Railway Hotel” меҳмонхонаси фаолиятини бошлади. Мазкур меҳмонхона бинoси ижара ҳуқуқи асосида олинган бўлиб, 2025 йилда 488 квадрат метр майдон учун ўтказилган e-auksion электрон савдо платформасида “QOʻNOQ HOTELS” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Меҳмонхонада 70 кишилик яшаш жойлари мавжуд бўлиб, 1 та люкс хона, 1 та делюкс хона, 2 та трипл хона, 1 та стандарт хона, 2 та “хостел“ хоналар мавжуд. Шунингдек, вокзал йўловчилари ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида 2 та хостел хона ҳам ташкил этилган. Ушбу хоналар арзонлиги ва қулайлиги билан пойтахт меҳмонлари учун муносиб ва манфаатли ечим бўлиб хизмат қилади.

Меҳмонхонада меҳмонларга эрталабки швед столи усулидаги нонушта тақдим этилади. Бундан ташқари, меҳмонхона ҳудудида reseption, шинам ва замонавий кафе ташкил этилган бўлиб, улар 24 соат давомида хизмат кўрсатади. Мазкур меҳмонхонанинг ишга туширилиши Жанубий вокзал ҳудудида йўловчилар, сайёҳлар ҳамда шаҳримиз меҳмонларига замонавий ва сифатли меҳмонхона хизматларини кўрсатиш имконини янада кенгайтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер