Тошкент вилоятида сайлов куни 22 сайлов участкасидаги жараён онлайн видео-трансляция қилинади
Фото: / Шодиёр Мутаҳаров / «Халқ сўзи»
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясида, ҳудуддаги сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш натижалари ҳамда жойларда сайловга тайёргарлик жараёнлари таҳлили, шунингдек, сукунат куни билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
– Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 13 октябрдаги “Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги қарори ижросини амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди,–дейди 10-Тошкент вилояти сайлов округи раиси Маҳмуд Болтабоев. – Шунга кўра, овоз бериш куни 22 та сайлов участкасидаги тегишли жараёнлар онлайн видео-трансляция қилинади. Айни пайтда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 14 октябрда бошланган муддатидан олдин овоз беришда 22 минг 745 нафар сайловчи иштирок этди. Натижаларга кўра, Зангиота, Паркент, Ўрта Чирчиқ, Бўстонлиқ туманларида бу жараёнда энг кўп фуқаролар иштирок этди.
Айни пайтда барча сайлов участкаларида сўнгги тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда. Бу галги сайлов пандемия шароитида ўтаётгани инобатга олиниб, зарур чоралар кўрилган.
Бугунгача 10-Тошкент вилояти сайлов округи таркибидаги қатор участкаларга АҚШ ва Нидерландиядан келган халқаро кузатувчилар ташриф буюрди. Халқаро кузатувчилар нафақат сайловга тайёргарлик жараёни, балки Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги билан ҳам қизиқмоқдалар.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг