Тошкент вилоятида «дарахткуш»лик оқибатида табиатга қарийб 1,5 млрд сўм зарар етказилди
Фото: Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 11,5 гектар ер майдонида 100 дан ошиқ кўп йиллик манзарали дарахтлар ва буталар ғайриқонуний тарзда кесилгани аниқланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ўтказилган рейд давомида аниқланган. Туманнинг «Қорасувёқа» МФЙ ҳудудида «Ф.А.Б.» фермер хўжалиги томонидан 11,5 гектар ер майдонида 100 дан ошиқ кўп йиллик манзарали дарахтлар ва буталар ғайриқонуний тарзда кесилганлиги ва илдиз қисми билан қўпориб кўмиб ташланган.
Ўрганиш давомида 59 туп дарахтнинг илдиз қисми аниқланган ва тегишли тартибда ҳудудга илдиз қисмлари йўқ қилиб юборилмаслиги учун фаоллар жалб қилиниб, навбатчилик ишлари олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорига кўра, мазкур ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 1 миллиард 463 миллион 12 минг сўм зарар етказилган. Билдирилишича, ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилмоқда.
Маълумот учун, қарорга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий даврида дарахтлар ва буталарга етказилган зарар миқдори икки бараварга оширилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг