Тошкент ва Панжоб вилоятлари ўртасида ҳамкорлик «биродар ҳудудлар» мақомида ривожлантирилади

14:17 13 Март 2026 Жамият
242 0

Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Покистон Ислом Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида қатор муҳим учрашувлар, мулоқотлар ва бизнес анжуманлар ўтказилиши режалаштирилган.

Делегация дастлаб тарихий ва гўзал Лаҳор шаҳрида Покистон Мусулмон Лигаси етакчиси Муҳаммад Навоз Шариф ҳамда Панжоб вилояти бош вазири Марям Навоз Шариф билан учрашди. Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил февраль ойида Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасидаги олий даражадаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстлик ҳамда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу ташриф сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, логистика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлди, — дейди Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Нажмиддинхўжа Шарипов.

Учрашувда Тошкент вилояти ва Панжоб вилояти ўртасидаги ҳамкорликни «биродар ҳудудлар» мақомида ривожлантириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм, чорвачилик, чарм саноати ҳамда инвестициялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, маданий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мезбонлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қизиқиш билдириб, Зойир Мирзаев томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Ўз навбатида, Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Панжоб вилояти бош вазирини ҳудуднинг инвестициявий, саноат ва туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида ўзига қулай вақтда Тошкент вилоятига ташриф буюришга таклиф этди.

Тошкент вилояти делегациясининг Покистон Ислом Республикасига хизмат сафари давом этмоқда.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер